platina.uz
Жамият

Тошкент вилоятида МИБ ходими 6 йилга қамалди

У алиментдан қочиб юрган фуқародан пора олган. 

Тошкент вилоятида МИБ ходими 6 йилга қамалди

Тошкент вилоятида МИБ ходимига ҳукм ўқилди. У катта миқдорда пора олаётганда ушланган ва иши судга оширилган.

Гап нима ҳақида?

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир натижасида - 1989 й.т., МИБ Бекобод шаҳар давлат ижрочиси ўз мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда Бекобод туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг алимент қарздорлиги учун қўйилган хорижга чиқиш тақиқини ечиб бериш эвазига ундан 20 миллион сўм талаб қилган.

Ходим келишилган пулдан 13 миллион сўмини "пора" тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинган.

Маълум бўлишича, давлат ижрочиси ушбу “хизмати” эвазига муқаддам 450 АҚШ доллари ва 1 млн 300 минг сўм ҳам олган.

Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судининг ҳукмига биноан МИБ давлат ижрочиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди ва 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топилди.

Унга нисбатан 2 йил муддатга хуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш хуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

МИБ ва коррупция

Бу МИБ ходимлари бўйича аниқланган ягона ҳолат эмас. Июл ойи охирида Қашқадарёда ҳам МИБ ходими машинага қўйилган тақиқни ечиш эвазига 1000 доллар олаётганда қўлга тушганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid