Нақдсиз тўловлар учун қулайликлар кенгайтирилади
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янги режим ишга тушади. Президент яширин иқтисодиёт бўйича кўрсаткичлар билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид тақдимот билан танишди.
Тадбиркорликни ривожлантириш мамлакатимизда стратегик вазифага айланган. Иқтисодиёт равнақи, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигида бу соҳанинг ўрни жуда катта. Шу боис бизнес юритиш қоидалари соддалаштирилиб, қулайликлар ошириб борилмоқда. Рақамли технологиялар оммалашаётгани бунда қўл келаётир.
Энди буни давом эттирган ҳолда, шаффоф тадбиркорлик муҳитини шакллантириш, нақдсиз тўловлар учун қулайликларни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Унга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йил 31 декабрга қадар махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Уларни давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб ҳисоботни топширишгача бўлган барча асосий хизматларни бирлаштирувчи интеграциялашган рақамли платформалар яратилади. Жумладан, фаолиятни расмийлаштириш, банк ҳисобварақлари очиш ва бошқариш, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш, ҳисоб-китоблар қилиш ва фискал чекларни шакллантириш ушбу рақамли платформалар орқали юритилади.
Бу тизимда электрон ҳамён очилиши тадбиркорларга даромадларни қабул қилиш, ходимлар, контрагентлар ва ташкилотлар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш имкониятини беради. Электрон ҳамёнга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун банк ҳисобварақларини очиш ихтиёрий бўлади.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб, бу жараёнларда “QR-код” ва “tap to pay” технологиясидан фойдаланилади. Ҳужжатларни масофавий биометрия ва “SMS хабарнома” орқали электрон калитсиз имзолаш мумкин бўлади. Бу маълумотлар қоғоз нусхадаги ҳужжатлар билан тенглаштирилади. “Кунлик тўлов” тартиби тажриба тариқасида жорий этилиб, ходимларга тўловларни электрон ҳамён орқали тўлаш имконияти яратилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларда электрон тўловларни қабул қилувчи махсус QR-код мавжуд бўлиши чакана савдо қоидаларининг мажбурий талаби этиб белгиланади. Рақамли платформадаги пул айланмалари тўғрисидаги маълумот кредит ажратишда инобатга олинади.
Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.
Яширин иқтисодиёт бўйича тақдимот
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 11 август куни яширин иқтисодиётга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Авваллари бизнесга юқори маъмурий босим ва аралашув бўлгани учун кўпчилик ошкора ишлашдан хавфсирар эди. Сўнгги йилларда солиқ юкини камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича кўп иш қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайди, 100 дан ортиқ турдаги лицензия ва рухсатнома бекор бўлди.
Буларнинг натижасида, кузатилмаётган иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги 45-50 фоиздан ҳозирда 35 фоизга тушди. Лекин ҳали буни янада камайтириш зарур.
Тақдимотда шу борадаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Мутасаддилар яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари бўйича ахборот берди.
Бунда энг самарали йўл илғор технологиялар асосида янгича ёндашувларни жорий қилиш экани таъкидланди. Масалан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тўлиқ автоматлашган тўловга ўтказилгани натижасида, аслида, йўловчилар сони 30 фоизга кўп экани кўринган. Ёки рақамлаштирилган деҳқон ва буюм бозорларида тушум 2-3 карра ошаяпти.
Шундай тизимни қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, савдо ва хизматлар каби яширин иқтисодиёт улуши юқори бўлган соҳаларда ҳам жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Лицензия ва рухсатнома бериш жараёнлари ҳамда муддатларини қайта кўриб чиқиб, инсон омилини кескин қисқартириш ва барча қадамларни тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Тадбиркорлар кўп дуч келадиган солиқ, банк, божхона, коммунал, сертификатлаш каби соҳаларда коррупцияга йўл очаётган омилларга чек қўйиш зарурлиги айтилди.

Электрон тўловлар ривожлангани одамларга кенг қулайлик яратмоқда. Бу яширин иқтисодиётни қисқартиришда ҳам мақбул восита. Бунинг учун нақдсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш, тўлов тизими операторларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари фақат назоратни кучайтириш билан яширин иқтисодиётни жиловлаб бўлмаслигини, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ маданиятини ошириб, тўғри ишлаганларни рағбатлантириш йўлидан бориш кераклигини таъкидлади.
Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида ёндашув қилиб, тадбиркорларга очиқ ва қонуний ишлашни манфаатли қилиш вазифаси қўйилди. Шундан келиб чиқиб, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, бизнесга қўшимча енгилликлар бериш, меҳнат муносабатларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.
Ўз навбатида, солиқ маданияти бутун жамият ишига айланиши зарур. Халқимиз ҳамиша қадрлаган ҳалоллик фазилати пировард натижада барча соҳаларда файзу барака ва фаровонлик олиб келади. Бу ғояларни аҳоли орасида тарғиб қилиб, кенг қарор топдириш муҳимлиги қайд этилди.