Самарқанд вилояти ҳокимига ўринбосарлар тайинланди
Нарпай тумани ҳокими вазифасида фаолият кўрсатган Шербек Бўронов ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги тузилмасида тайинловлар амалга оширилди.
Кейинги бир йил давомида Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими вазифасида фаолият кўрсатган Шербек Бўронов Самарқанд вилояти ҳокимининг молия-Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Мутахассислиги иқтисодчи бўлган Ш. Бўронов Нарпайга раҳбар бўлгунга қадар аввалги чақириқда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати эди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасига Наврўз Раҳмонов тайинланди.
Бунгача Н.Раҳмонов вилоят ҳокими ўринбосари котибияти мудири эди.
Бугун Ургут тумани ҳокими вазифасидан озод этилган Ботир Жабборов Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлади.
Ушбу вазифада ишлаган Шунқор Худойбердиев бугун Пайариқ туманига ҳоким этиб тайинланганди.
Шунингдек, бугун вилоят ҳокимининг ўринбосари - вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ҳам ўзгарди. Ушбу лавозимга шу пайтгача Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган Хуршидбек Самиев тайинланди.
Аввал Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, кейинчалик Республика савдо-саноат палатаси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган Жамшид Ўроқов Самарқанд вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасида иш бошлади.