Шавкат Мирзиёев иссиқхоналарнинг экологияга салбий таъсири муаммосини ҳал этишни топширди
Иссиқхоналар тоифасидан қатъи назар, ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлаши белгиланди.

Президент йиғилишида иссиқхоналар ва уларнинг экологияга таъсири масаласи кўтарилди.
Бундан буён иссиқхоналар, тоифасидан қатъи назар, ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлаши белгиланди. 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.
Солиқ қўмитасига бутун тизими, таҳлилий ва ақл марказларини сафарбар этиб, иссиқхоналардан қисқартирилган газ қайси соҳаларга йўналтирилгани ва уларнинг самарадорлигини ўрганиш, агар газ берилган бошқа соҳаларда қўшилган қиймат кам бўлса, газни иссиқхоналарга йўналтириш топширилди.
Экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолиятининг ҳаво сифатига салбий таъсири билан боғлиқ муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш вазифаси қўйилди.
“Барча эшитиб олсин: иссиқхоналар бу – озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий хавфсизлик масаласи ҳисобланади”, - деди Президент.
Тегишли идораларга соҳада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Аввалроқ президент иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиши зарурлиги таъкидлаганди.