Европа Иттифоқи Украинага иқтисодий ёрдамни тўхтатиб қўйди
Бунга Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратурани амалда Бош прокуратурага бўйсундирувчи қонун сабаб бўлди.

Европа Иттифоқи 25 июл куни Украинага ажратиладиган умумий 4,5 миллиард евро жамғармадан 1,5 миллиард евролик ёрдамни ушлаб қолишини эълон қилди.
Бу Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (НАБУ) ва ихтисослаштирилган антикоррупция прокуратурасини (САПО) Бош прокуратурага бўйсундириш натижаси бўлди, деб ёзади The New York Times.
Украинага ёрдам фонди Европа Иттифоқи томонидан 2024 йилда тузилган. Уруш оқибатида етказилган зарарни бартараф этиш ва мамлакатни ЕИга киришга тайёрлаш учун уч йил давомида 50 миллиард евро ажратиш режалаштирилган.
Ушбу фонддан молиялаштириш ҳарбий харидлар учун ишлатилмайди ва Киевнинг бошқарув стандартлари соҳасидаги ютуқларига боғлиқ.
Еврокомиссия матбуот котиби Гуиллауме Мерcиэр журналистларга Украина июн ойида 16 мезондан учтасини бажара олмаганига, жумладан, коррупцияга қарши ихтисослаштирилган судга судьяларни тайинламаганига қарамай, фонддан маблағ сўраганини айтди.
NYT ёрдамнинг тўхтатилишини Европа Иттифоқининг уруш даврида ички сиёсат масалалари бўйича Зеленский ҳукуматини танқид қилишга янгидан тайёрлиги белгиси деб атайди.
Шунингдек, у Украинанинг Ғарб иттифоқчилари ўртасида Зеленскийга бўлган ишонч сўниб кетаяптими деган савол туғилди, деб ёзади газета.
Бироқ, 1,5 миллиард еврони ушлаб қолиш қарори якуний эмас - агар Украина маълум мезонларга жавоб берса, молиялаштириш қайта тикланиши мумкин, дея таъкидлайди нашр.
22 июл куни Украина Олий Радаси Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (НАБУ) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратурани (САПО) амалда Бош прокуратурага бўйсундирувчи ва уларни мустақилликдан маҳрум қилувчи қонунни маъқуллади ва президент Зеленский уни дарҳол имзолади.
Шундан сўнг Киев, Одесса, Лвов, Днепр, Харков ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари бошланди.
Зеленскийнинг айтишича, у намойишчиларнинг фикрини тингланган ва 24 июл куни у Олий Радага янги қонун лойиҳасини тақдим этган. Украина президентининг сўзларига кўра, янги қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашувчи идораларни Россия таъсиридан ҳимоя қилиш чоралари кўзда тутилган.
Financial Times нашри манбаларга асосланиб хабар беришича, Олий Раданинг 70 га яқин депутати, президентнинг “Халқ хизматчиси” партияси аъзолари янги қонун лойиҳаси учун овоз беришдан қўрқишади – улар “қасос учун адолатсиз жавобгарликка тортилишидан қўрқишади”.