Президент фармон ва қарорлари доирасида ажратилган пулларнинг сарфланиши ўрганилади
Президент Администрацияси раҳбари фармойишлари ва топшириқлари ижросини ijro.gov.uz портали орқали назорат қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари доирасида ажратилган пулларнинг мақсадли сарфланиши ўрганилади. Бу вазифа Ҳисоб палатасига топширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросининг назорати янада кучайтирилади.
“Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–117-сон, 25.07.2025 й.) қабул қилинди.
Фармон билан, Ҳисоб палатасига қўшимча вазифалар юклатилди, жумладан:
-Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини ўрганиш билан бирга уларнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун самарадорлигини таҳлил қилиш;
- ижро интизомини мустаҳкамлашга, мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларига эришишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро этилиши юзасидан давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қисқартириладиган штат бирликлари ҳисобидан Ҳисоб палатасига қўшимча 10 та бошқарув штат бирлиги ажратилади.
Вилоятлар, пойтахт ва Қорақалпоғистон кесимида қонунчилик ҳужжатлари ва ижро топшириқларини бажарилиши бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилади.
Президент Администрацияси раҳбари фармойишлари ва топшириқлари ижросини ijro.gov.uz портали орқали назорат қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини назорат қилиш бўйича янги тартиб жорий этилиши муносабати билан;
- Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси негизида 20 та штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ташкил этилади.
2025 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва тузилмаларида ижро интизомига масъуллар алоҳида тузилма шаклида биринчи раҳбарлар бўйсунувига ўтказилади.