Ўзбекистон Таиланд ва Камбоджани вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга чақирди
Таиландда бўлиб турганлардан Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга сафар қилмаслик ва расмий хабарларни кузатиб бориш сўралган.

Ўзбекистон ТИВ Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги можарога муносабат билдирди.
Айтилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегарада юз берган қуролли тўқнашув муносабати билан юзага келган вазиятни диққат билан кузатмоқда.
"Биз барча томонларни вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирамиз.
Мамлакатимизнинг Бангкокдаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Таиланд ва Камбоджада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар мавжуд эмас", дейилади хабарда.
Таиланд пойтахти ва туризм марказларида вазият барқарор бўлиб, хорижий сайёҳлар учун хавф-хатар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларидан Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга сафар қилмаслик ва расмий хабарларни кузатиб бориш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, 24 июл куни Таиланд ва Камбоджа чегарасида кескинлик рўй берди. Тўқнашувларда бир неча киши ҳалок бўлди.