Россия ва Украина Истанбулда навбатдаги музокараларни ўтказди: асосий маълумотлар
Киев шартларсиз ўт очишни тўхтатиш ва август охирида Путин ва Зеленский учрашувини ўтказишни таклиф этди. Россия бунга жавоб қайтарди.

Украина август ойи охиригача Путин ва Зеленский учрашувини ўтказишни таклиф қилди. Истанбулда ўзаро рус-украин музокараларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.
Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида баёнотни ўқиб эшиттирди.
Унда айтилишича, Украина тўлиқ ва шартсиз ўт очишни тўхтатишни талаб қилишда давом этмоқда, бу "ҳақиқий бўлиши керак", деб таъкидлади Умеров.
Шунингдек, делегация Россия ва Украина раҳбарларининг учрашувини август ойи охиригача ўтказишни таклиф қилди, деди Умеров. У Россиянинг бунга муносабати ҳақида ҳеч нарса демади.
Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский ҳам журналистлар билан суҳбатлашди. Унинг нутқидаги асосий фикрлар:
Томонларнинг позициялари "бир-биридан анча узоқ". Учрашувда томонлар 2 июн куни алмашган меморандумлар муҳокама қилинди. Киев таклиф қилаётган икки давлат президентларининг “потенциал” учрашуви ҳақида Мединский у ерда тинчлик битимини муҳокама қилиш эмас, балки имзолаш зарурлигини айтди. У бундай учрашувга пухта тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлади.
Мединскийнинг сўзларига кўра, ҳозирда Украина-Беларус чегарасида 250 нафар ҳарбий асир гуруҳларини алмашиш ишлари якунланмоқда.
“Биз яқин келажакда ҳар икки томондан яна камида 1200 нафар ҳарбий асир алмашиш бўйича келишиб олдик”, — дея Мединский сўзларини келтиради Интерфакс.
Тинч аҳолини қайтариш масаласи муҳокама қилинди. Мединскийнинг сўзларига кўра, бу Украинанинг Курск вилоятининг 30 га яқин аҳолисини ушлаб туриши билан боғлиқ. Ҳозирча бу борада Украина томонидан ҳеч қандай изоҳ йўқ.
Шунингдек, Россия музокаралар бўйича учта гуруҳ тузиш ва ўзаро маълумот алмашиб туришни таклиф этган.