Ўзбекистонда ўқимоқчи бўлган ҳиндистонликлар огоҳлантирилди
Ҳиндистон томони тўртта ОТМда ўқимасликни тавсия қилган, уларнинг учтаси Белизда, биттаси Ўзбекистонда жойлашган.

Ҳиндистон миллий тиббиёт комиссиясининг Бакалавриат тиббиёт таълими Кенгаши хорижда ўқимоқчи бўлган абитуриентларни огоҳлантирди.
Бу Белиз ва Ўзбекистондаги баъзи институтларда бакалавриат тиббиёт курсларига ўқимоқчи бўлганларга мўлжалланган.
Тиббиёт комиссияси тўртта институтни рўйхатга олди, жумладан, Марказий Америка соғлиқни сақлаш ва фанлар университети, Колумбус марказий университети, Вашингтон соғлиқни сақлаш ва фанлар университети (Белиз ОТМлари) ва Тошкент Давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиали (Ўзбекистон).
Бу Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг Евроосиё бўлими ушбу тиббиёт институтларини "Ҳиндистон тиббий таълим стандартларига мос келмаслиги, университет кампуси инфратузилмасининг етарли эмаслиги ёки мавжуд бўлмаганлиги, ўқув ва клиник ўқув муассасаларининг сифатсизлиги, Ҳиндистон талабаларини ҳақорат қилиш ва бошқа ҳолатлар" билан боғлиқ жиддий хавотирларни таъкидлаганидан кейин содир бўлди.
Комиссия талабаларни чет элдаги бир нечта институтларда тиббий таълим сифати NMK стандартларига жавоб бермаслиги ҳақида қайта-қайта огоҳлантирган.
"Ушбу маслаҳатларга қарамай, ҳиндистонлик талабалар 2021 йилги FMGL қоидаларида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган хорижий тиббиёт муассасаларига киришга интилишда давом этаётгани кузатилди", дея маълум қилди Комиссия.
Шунга кўра, Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг Евроосиё бўлимидан олинган хабарлар ҳамда элчихоналар томонидан берилган тавсияларга асосланиб, Комиссия талабаларга Белиздаги айрим ва Ўзбекистондаги бир тиббиёт институтларига киришдан қочишни тавсия қилди.
"Ушбу маслаҳатга риоя қилмаслик Ҳиндистонда тиббий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, бўлажак талабалар ва уларнинг ота-оналарига бирон бир хорижий тиббиёт институти ёки университетига киришдан олдин Миллий Тиббиёт Комиссиясининг веб-сайтида 2025 йил 19 майда юкланган огоҳлантириш/маслаҳатни диққат билан ўқиб чиқишлари тавсия этилади", деб огоҳлантирди Комиссия.
Аввалроқ Деҳлидаги ўғирлик сабаб ўзбекистонлик аёл ушлангани хабар берилганди.