Оздирувчи қаҳваларнинг сири фош бўлди
ДХХ ва Бош прокуратура Ғиждувонда тезкор тадбир ўтказди.

Бухорода таркибида кучли таъсир қилувчи наркотик моддалар бўлган оздирувчи қаҳвалар савдосига чек қўйилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамкорлигида Ғиждувон туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда 40 ёшли муқаддам судланган фуқаронинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада чет элда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қуйидаги дори воситалари топилган:
- 34 050 дона KETO COFFEE MIX SLIM COFFEE;
- 2790 дона SLT SLIM LUX COFFEE;
- 3000 дона HOODIA CACTUS SLIMMING COFFEE;
- 720 дона SLIM GREEN COFFEE;
- 5280 дона NATURE COMPLEX LK FAT BURNING;
- 1000 дона “ЛАО СЭ ЛОН”;
- 12 132 дона FIT90 FAT BURNER;
- 13 392 дона “РЕДУКСИН ЛАЙТ”;
- 23 292 дона “ЦЫНЗИШОУ PLUS” ва бошқалар.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, мазкур дори воситалари таркибида “сибутрамин” моддаси мавжуд бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 818-сонли қарорига кўра сибутрамин кучли таъсир қилувчи наркотик моддалар рўйхатига киритилган.
Ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 251-1 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.