UNICEF: Ғазода ҳар куни 28 нафар бола ҳалок бўлмоқда
2023 йил октябрдан бери давом этаётган урушда эса 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлди.

UNICEF Ижрочи директори Кэтрин Расселнинг айтишича, Ғазода бир кунда 28 нафар бола ҳалок бўлмоқда.
БМТ юқори мартабали расмийларининг ташкилот Хавфсизлик Кенгашида маълум қилишича, Ғазодаги уруш учун энг юқори бадални болалар тўламоқда.
UNICEF ижрочи директори Кэтрин Рассел ва БМТнинг гуманитар масалалар бўйича раҳбари Том Флетчер Исроилнинг давом этаётган бомбардимонлари фонида болалар ўлими, очлик ва соғлиқни сақлаш тизимларининг вайрон бўлиши кескин ошгани ҳақида огоҳлантирди.
UNICEF маълумотларига кўра, Ғазода ҳар куни ўртача 28 бола ҳалок бўлади ва 2023 йил октябрдан бери давом этаётган урушда 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлди.
Рассел Ғазодаги 1 миллион боланинг ҳар бири урушдан азоб чекаётганини айтди. Бу болалар умрбод уруш оқибатларига дучор бўлишади, деди Рассел.
"Ғазодаги 21 ойлик урушда 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлди, 33 минг нафари яраланди. Ўртача ҳар куни 28 бола ўлдирилади, бу бутун бир ўқув синфига тенг", - дейди у. "Бир ўйлаб кўринг: деярли икки йил давомида ҳар куни бутун бир синф болалари ўлдирилади. Бу болалар жангчилар эмас - улар ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун озиқ-овқат ва дори-дармонларга навбатда турганларида ўлдирилиб, майиб бўлмоқдалар".
"Болалар можароларни бошламайдилар ва уларни тўхтатишга ожиздирлар. Лекин улар жуда кўп азоб чекишмоқда ва нима учун дунё уларга шафқатсиз муносабатда эканига доим ҳайрон бўлишади", - деб таъкидлади Кетрин Рассел.
Эслатиб ўтамиз, Ғазода Исроил ҳужумлари сабаб ҳалок бўлганлар сони 55 минг нафар кишига яқинлашди.