Сурхондарёда директор ўқитувчиларга устама ёзиб, пулларни талон-тарож қилиб юборди
У судда ўз айбига иқрор бўлган ва зарарларни қоплаган.

2025 йил 25 июн куни жиноят ишлари бўйича Узун тумани судида ўқитувчиларга пул маблағлари ёзиб, ўзлаштириб юборган раҳбарга суд ҳукми ўқилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Суд ҳужжатида айтилишича, фуқаро ХХ 2018-2022 йилларда тумандаги 31-мактабга раҳбарлик қилган. У ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда, мансабдор шахс бўлиб, ўзгалар билан тил бириктирган. Жумладан, 2021-2022 ўқув йилида UZASBO тизими орқали сохта маълумотлар асосида 10 ўқитувчига жами 24 млн 244 минг сўм устама ёзиб, ўзганинг мулкини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
2023 йил апрелда жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 9 ҳолатда ўқитувчиларга 26 млн 913 минг сўм устама маблағларини ортиқча тўлаб юборган. 2023-2024 йилларда эса яна 9 ҳолатда 9 ўқитувчига 25 млн 554 минг сўм пул ёзиб, талон-торож қилган.
Судланувчи ХХ жараёнда ўз айбига иқрорлик билдирди.
Суд унинг пушаймонлиги, 3 нафар фарзанди борлиги, зарарларни қоплагани, даъвогарларнинг даъвоси йўқлигини енгиллаштирувчи ҳолат дея баҳолади.
Якуний ҳукмга кўра, айбланувчи ХХ бир йил муддатга давлат органларида мансабдор лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлатга тўлаган ҳолда 2,5 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари тайинланди.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.
Аввалроқ ижарага олинган машиналарни бировларга пуллаб юборган фирибгарга ҳукм ўқилганди.