platina.uz
Мақола

Кўринмас фронт жангчилари: хусусий разведка хизматлари

Улар ахборот урушининг ноаниқ, лекин жуда кучли қуролига айланмоқда, на журналист, на дипломат ва на давлат хизматчиси ҳисобланади. Улар ахборотни фақат олади ва сотади, бунда ахлоқий ёки сиёсий меъёрлар, маънавий-ғоявий омиллар, ватанпарварлик ва бошқа жиҳатлар иккинчи ўринда туради.

Кўринмас фронт жангчилари: хусусий разведка хизматлари

Капитализм шароитида бирор соҳанинг хусусий бўлиши ҳеч кимни ҳайратга солмайди. Давлат тузилмалари – вазирлик, департамент ва хизматлар фақат назорат қилиш, мувофиқлаштириш ва тартибга солиш функциясини бажаради холос. Ҳозирда кўпчилик давлатларда жиноий қидирув соҳасида хусусий детективлар, хусусий қўриқлаш хизматлари ва ҳатто хусусий армиялар – ҳарбий компанияларга ҳам рухсат берилган. Бироқ айрим соҳалар борки, ҳатто ҳозир ўзини энг демократик ҳисобловчи жамиятларда ҳам, масалан, АҚШда фақат давлатга тегишли. Разведка ва контрразведка фаолияти фақат давлат ваколатига киради. Бироқ Америкада ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятининг асослари хусусий фаолият устига қурилган.

Америка мисолида хусусий разведка тарихи

Хусусий разведкадан даромад олиш мақсадида фойдаланишган илк ҳаракатлар XVIII-XIX асрларга бориб тақалади. Британия ва Франциядаги колониялар даврида савдо компаниялари (масалан, Британия шарқий Ҳиндистон компанияси – British East India Company) ўзларининг “ахборот агентлари”га эга бўлган.

Америкада эса Британиядан мустақил бўлишга интилишлар ва фуқаролик уруши даврида давлат разведка хизматлари деярли йўқ эди. Уларнинг вазифасини турли хусусий детективлик идоралари ва қўриқлаш хизматлари бажарган. Масалан, қидирувдаги жиноятчиларни ва қочоқ қора танли қулларни топиб келишда давлат ҳозирги тилда “аустсорсинг” асосида улар хизматидан фойдаланган.

Айтайлик, Аллан Пинкертон (1819-1884) асос солган “Пинкертон детектив агентлиги” жиноятчи ва талончиларнинг қаердалигини аниқлаб, шерифга хабар қилган ва мукофот олган. 1850 йилда маҳаллий прокурор билан ҳамкорликда “Шимоли-Ғарбий полиция агентлиги”га (кейинчалик Pinkerton & Co) асос солди.

Маълумки, АҚШ ҳудудлари кенгайгани сари темирйўлда юк ташиш ҳажми ҳам орта борди. Уларни талайдиган босқинчи тўдалар кўпайди. Пинкертон йигитлари уларга қарши курашда муҳим рол ўйнади. Чунки шериф ва полициячилар сони жуда оз эди.

Фуқаролик урушида Пинкертон Шимолий иттифоқ разведкасига бошлиқ бўлди. Унинг агентлари оддий аскар, фермер ва бошқа касб эгалари ниқобида маълумот йиғиш ва турли жиноятларнинг олдини олиш билан шуғулланди.

Пинкертон агентлиги ходимлари давлат ёки рақобатчи компаниялар буюртмаларини бажариб, ишчиларнинг иш ташлаши ва саботажларни бостириш билан ҳам шуғулланган. Бунинг учун касаба уюшмалари орасига ўз одамларини киритиб, керакли маълумотлар олиш, уларни обрўсизлантириш, режалаштирилган тадбирларни йўққа чиқариш ва бошқа кўплаб услублардан фойдаланган.

Урушдан кейин Пинкертон агентлари разведка ва контразведка фаолияти билан давлатга ёрдам берди. Пинкертон агентлиги асосида АҚШ “Махфий хизмати” (U.S. Secret service) тузилди. Аввалига қимматли қоғозлар ва пулларни қалбакилаштиришга қарши курашган бу агентликка кейинчалик энг муҳим вазифа – АҚШ президенти ва унинг оиласи, шунингдек, улар ишлайдиган ва яшайдиган бинолар хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Бу хизмат ҳозир ҳам 2 вазифа – сохта пул ясовчиларга қарши кураш ва президентни ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Пинкертоннинг бир гапи унинг фаолиятини тушунишга хизмат қилади: “Мақсад – ҳақиқатни топиш эмас, балки ҳақиқатни кимга етказишни аниқлаш”.

Ҳозирги жамиятларда хусусий разведка

Бир пайтлар фақат давлатларнинг ҳуқуқи бўлган жосуслик – бугунги глобал бозорда тижорат фаолиятига айланган. Энди ахборот учун курашда нафақат давлатлар, балки корпорациялар, бойлар ва ҳатто рақобатчи сиёсатчилар ҳам иштирок этмоқда. Улар кимга мурожаат қилишади? Жавоб оддий – хусусий разведка агентликларига.

2020 йилдан бери дунёда хусусий разведкаларга талаб 30 фоизга ошгани айтилади (Global Risk Report, 2023). Бу рақам шунчаки ишчилар ёки компаниялар эмас, балки давлатлар, жамоалар, ҳатто олигархлар томонидан кўпайган буюртмалар ҳисобидан ошган.

Умуман олганда ҳозирда халқаро корпорациялар (масалан, Shell, BP), сиёсий партиялар ва сиёсатчилар, махсус хизматлар билан алоқаси бўлган давлатлар, олигархлар, бизнесменлар ва ҳатто жиноий гуруҳлар хусусий разведка хизматларининг асосий мижозлари ҳисобланади.

Хусусий разведка иқтисодий ва саноат жосуслиги, интернет ва кибер-қидирув, рақибни шантаж қилиш учун компромат маълумот йиғиш, фаолларни кузатиш ва дискредитация қилиш (обрўсизлантириш), ижтимоий фикрни шакллантириш ва “жараёнларни бошқариш” – яъни оммавий манипуляция билан шуғулланади.

Аммо асосий соҳа саноат (корпоратив) жосуслик, яъни бизнес компанияларнинг фаолияти билан боғлиқ барча маълумотларни аниқлаш ва рақобачиларига етказиш ҳисобланади.

2022 йилда фақатгина Европа Иттифоқида 500 дан ортиқ хусусий разведка компаниялари рўйхатга олинган. Уларнинг умумий даромади – 6,2 миллиард еврони ташкил этган.

Яқин келажакда эса хусусий разведкалар асосан Киберразведка ва СИ интеграцияси: автоматлаштирилган кузатув, фейк маълумотлар яратиш, фаолият ҳудудини кенгайтириш, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда манипуляция воситасида жамоатчиликка таъсир кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратиши кутилмоқда.

Қонунчилик билан муроса

Ҳозирда дунё бўйича хусусий разведкалар фаолиятини тартибга солувчи ва назорат қилувчи аниқ халқаро конвенция мавжуд эмас. Энг кўп ҳолатларда улар давлат назоратидан ташқарида фаолият юритади. Кўп ҳолларда мамлакат бюджетига чанг солмагани боис халқ ёки давлат олдида ҳисоб бермайди. Қолаверса, ўзи ташкил топган мамлакат қонунларига риоя қилса, унинг сирларини сотиш билан шуғулланмаса, уларни бирор-бир жиноятда айблашнинг ҳам имкони бўлмайди.

Масалан, АҚШда улар устидан назорат бўлса-да, амалда кенг эркинлик берилган. Европа Иттифоқида эса ҳар бир давлат ўз миллий қонунчилиги асосида улар устидан назорат ўрнатишга интилади. Осиё давлатларида бу борада ҳатто махсус қонунлар ҳам йўқ. Собиқ коммунистик давлатларда худди хусусий детектив агентликларига рухсат берилмагани каби, хусусий разведга ташкилотлари ҳам қонуний рўйхатга олинмайди.

Тўғри, Россияда “Вагнер” каби хусусий ҳарбий компаниялар мавжуд. Аммо аслида улар хуфёна тарзда давлат томонидан, давлат бюджети асосида ташкил этилади ва молиялаштирилади. Табиийки, улар Россия раҳбарияти топшириқларини бажаради. Аммо бирор муаммо чиқса, Кремл улардан тонади ва ушбу муаммо халқаро можарога айланмаслигига эришади.

Хуллас, кўп ҳолларда бундай ташкилотлар давлатлар томонидан расмий лицензияланмаган. Қонунлар улар фаолиятини тўлиқ назорат қилиш ва чеклашнинг уддасидан чиқмайди. Ҳатто баъзи давлатлар улардан қонуний йўл билан фойдаланади.

Хусусий разведка хизматларининг қулай жиҳатлари

Хусусий разведка агентликлари давлат хизматларининг ҳам, хусусий бизнес тузилмаларнинг ҳам буюртмаларини бажариши мумкин. Давлат учун қулай жиҳати – улар давлат топшириғини бажарса-да, гўёки ўз ташаббуси билан иш олиб боради. Тасаввур қилинг, Европадаги бирор махфий маҳсулот ишлаб чиқариш корхонасида маълумот олишга уринган рус жосусини ушлаб олишса, қанчалик тўполон кўтарилади. Бироқ рақобатчи фирманинг ходими айни шу маълумот билан қизиқиб қўлга тушса, қанчалик аҳамиятсиз кўрилади?! Аслида ҳар икки тоифа ҳам мақсадига эришса, бу корхона ёки давлатга бир хил зарар етказа олади.

Шунингдек, хусусий жосуслардан воз кечиш ҳам қулай. Уларни тайёрлаш ва ўқитиш учун, қўшимча ижтимоий ёрдам турлари учун қимматли ресурслар сарфлаш шарт эмас. Улар қўлга тушиб қолса, тергов ва қийноқлар оқибатида бутун давлат разведкаси борасида маълумотларни ошкор қила олмайди ва бошқа кўплаб қулайликлар мавжуд.

Хусусий разведка хизматларининг салбий жиҳатлари

Энг катта хавф – бу хусусий разведка агентликларининг масъулияти ва мажбуриятлари чекланган. Уларни тўла назорат қилиш, жазолаш ва бошқа манипуляция имкониятлари ҳам чекланган. Қолаверса, сизга бирор маълумот келтирган хусусий агент бу маълумотни бошқаларга ошкор қилмаслиги ва сотмаслигига кафолат йўқ. Агар у “икки томонлама” агент бўлса-чи? Сизга ҳам, рақибингизга ҳам хизмат қилаётган бўлса-чи? Бир машҳур жосус айтганидек, "пул учун сизга ахборот сотадиган киши – икки баробар пул учун сизни ўзингизни ҳам сотиб юбориши мумкин."

Қолаверса, сиз билан ишлаган агентлик тегишли маълумотлардан сизни ўзингизни шантаж қилиш учун ҳам фойдаланиши эҳтимолдан холи эмас.

Тўғри, худди бошқа соҳаларда бўлгани каби бундай хизматлар билан тегишли маълумотларни ошкор қилмаслик борасида шартнома (NDA – Non-disclosure agreement) имзоланади. Шу асосда уларга молиявий жазо ва жарималар қўлланиши, шунингдек, бошқа маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортишларига эришиш мумкин. Аммо махфий фаолиятни очиқ судларга олиб чиқиш ва катта шовқин кўтаришни ҳамма ҳам истамайди.

Биргина умид – хусусий разведка агентликлари ўз обрўсини сақлаб қолишга интилишида кўринади. Кўпчилик агентликлар бирор буюртмачи билан муаммога бориш, кейинги буюртмалар ва мижозларнинг сифати ва сонига ёмон таъсир қилишидан қўрқишади.

Шу боис, Ғарбдаги кўплаб йирик компанияларнинг ўз ички хавфсизлик бошқармалари, разведка ва контрразведка бўлинмалари мавжуд. Давлат махфий хизматларида ишлаган ва нафақага чиққан ходимлар уларда катта маош эвазига ишлашади. Бундай тайёр ходимлар компаниянинг катта молиявий ва бошқа имкониятларидан фойдаланиб, давлат жосусларидан кўра кўпроқ ютуққа эриша олади. Масалан, рақобатчи фирмаларнинг сирларидан воқиф бўлиш ёки рақиб компанияларнинг жосуслари таъсирининг олдини олиш борасида фаолият юритишади.

Бундан ташқари, бизнес тузилмалар ўз махфий ишланмаларини қаттиқ сир тутишгани боис, бу масалага давлат махсус идоралари ёки бегона хусусий разведка агентликларини ҳам аралаштиришни истамаслиги мумкин.

Хусусий разведка ташкилотларининг яна бир салбий жиҳати, уларнинг ходимларида давлатга ишловчи ҳамкасбларига нисбатан мотивация камроқ бўлади. Шунингдек, давлат идоралари билан ўзаро маълумот алмашуви, фаолиятни мувофиқлаштириш каби жиҳатлар ҳам имконсиз. Бу жиҳатлар мураккаб топшириқларни бажаришга тўсқинлик қилиши мумкин.

Тахмин эмас, таҳдид

Хусусий разведка замонавий ахборот урушининг ноаниқ, лекин жуда кучли қуролига айланмоқда. Улар на журналист, на дипломат ва на давлат хизматчиси ҳисобланади. Улар ахборотни фақат олади ва сотади ва бунда ахлоқий ёки сиёсий меъёрлар, маънавий-ғоявий омиллар, ватанпарварлик ва бошқа жиҳатлар иккинчи ўринда туради.

Нодавлат разведка хизматлари “корпоратив жосуслик” шаклида, фақат иқтисодий ахборот олиш билан иш бошлаган бўлса, бугун улар сиёсий жараёнларга ҳам аралаштирилмоқда. Улар ахборот даврининг махфий қуролига айланди. Улар ҳар куни янгидан-янги “жанглар”ни ютиб бермоқда. Аммо бу ғалабалар қанчага тушяпти? Ва кимга хизмат қиляпти, шуниси қизиқ.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid