Наманганда ҳоким ёрдамчисига ҳукм ўқилди
У турли МЧЖлар номига кредитлар ажратилишига эришиб, пулларни талон-торож қилган.

2025 йил 24 июн куни жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида фуқаролар номига турли мақсадлар учун олинган кредитларни ўзлаштириб юборган ҳоким ёрдамчиси иши кўрилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, ХХХ Янгиқўрғон тумани “Соҳибкор” МФЙ ҳудуди ёнидаги дехқон бозорида ишлаб келган. У тадбиркорлик лойиҳасида жавобгар шахс ва ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган, “А.Темур” ХТФА бўлими ва банк ўртасида тузилган шартномалар асосида ажратилган маблағларнинг кредит ҳужжатларига қалбаки маълумотлар киритиш йўли билан талон-торож қилган.
Жумладан, “KRISSTALL FIRM” МЧЖ раҳбари М.И. билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, мототранспорт сотиб олиш мақсадида 32 млн сўм ажратилган кредит маблағларини нақдлаштириш орқали мақсадсиз сарфлаб юборган. Иккинчи ҳолатда 20 млн сўм, сўнгра 27,5 млн сўм, яна икки ҳолатда 32,5 млн сўм, мотокультиватор сотиб олиш мақсадида ажратилган 30 млн сўм ва бошқа кредит маблағларини олиб, уларни ҳам ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Судда сўралган судланувчи XXX айбига тўлиқ иқрор бўлиб, иш бўйича етказилган зарарлар тўлиқ қопланганини, қилган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалигини баён қилиб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўраб кўрсатув берди. Унинг айби ҳужжатлар, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари ва жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ ўз исботини топди.
Якуний ҳукмга кўра, ХХХ.га 3 йил 9 ой 24 кун муддатга ишлаш ва ўқиш вақтидан, иш ва ўқиш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклашдан иборат озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Судланувчига ўзи томонидан етказилган 20.163.000 сўм зарарни ўрнини қоплаш мажбурияти юклатилди.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.