Тошкентда фуқароларга алдаб уй сотганликда гумонланган шахс қамоққа олинди
Қурилиш компанияси меъёрий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ва ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан фуқаролардан пул олган.

Тошкентда одамларга алдаб уй сотганликда гумонланган шахс қамоққа олинди.
Ижтимоий тармоқларда бир қанча фуқаролар кўп қаватли уй қурувчилари томонидан фирибгарликка учрагани ва бундан норозилиги акс этган видео тарқалди.
Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан баёнот берди.
Фуқаро Т.Н. ва бошқалар 2021 йилнинг 11 август куни “Strong Cities” МЧЖНИ ташкил этиб, тегишли меъёрий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ва ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан, бир нечта фуқароларнинг ишончига кириб, Олмазор тумани Уста Олим кўчасидаги ер майдонида кўп қаватли уйни қуришни ва ушбу уйдаги хонадонларни сотишни ваъда қилишган.
Шунингдек, қонунчиликда белгиланган талабларга зид равишда хизмат кўрсатувчи банкда алоҳида ҳисоб-варақ очмасдан, 2023-2024 йиллар давомида шартномалар тузиб, фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ("Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда содир этилиши") билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов жараёнида фуқаро Т.Н. га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.