Mobiuz Рақобат қўмитаси кўрсатмасини бажарди
Компания томонидан тариф режага ўтиш фақат мобил илова орқали амалга оширилиши белгиланган. Қўмита аралашувидан кейин жараёнга ўзгартириш киритилди.

Рақобат қўмитаси кўрсатмасига кўра “UMS” МЧЖ (Mobiuz) қатор ўзгаришлар жорий этди.
Рақобат қўмитаси томонидан мобил алоқа операторлари хизматларида истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш бўйича таҳлил ва назорат ишлари олиб борилмоқда.
“Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари”га (рўйхат рақами 3275, 30.06.2020 й.) мувофиқ, мобил хизматлар тарификацияси абонент ҳолатини ёмонлаштирмаслиги ва истеъмолчи манфаатларига зид бўлмаслиги лозим.
Қўмита ўрганишлари давомида “UMS” МЧЖ (Mobiuz) томонидан жорий қилинган “Mazza!” тариф режасига ўтиш фақат мобил илова орқали амалга оширилиши белгиланганлиги аниқланди. Бу эса, истеъмолчилар танлов ҳуқуқини чеклаш ҳамда мобил иловага мажбурий тарзда йўналтириш ҳолатига олиб келган.
Қўмита кўрсатмасига асосан, мазкур тарифга ўтиш имконияти мобил илова билан бир қаторда компания офисларида ҳам яратилди ва истеъмолчилар бу ҳақда хабардор қилинди.
Шунингдек, кўплаб тарифларда ойлик абонент тўлови учун маблағ етишмаганда автоматик равишда кунлик абонент тўловига ўтиш тартиби жорий этилган. Бироқ, ушбу хизматни мустақил бошқариш (ўчириш ёки фаоллаштириш) имконияти мавжуд бўлишига қарамай, кўплаб абонентлар бу ҳақда хабардор эмаслиги Қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар орқали маълум бўлди.
Қўмита кўрсатмасига мувофиқ, компания томонидан “кундалик абонент тўлови режимига ўтиш” хизматини бошқариш имконияти ҳақида расмий сайтда эълон жойлаштирилди ҳамда бундай хизматга уланган абонентларга SMS хабарнома юборилиб, хизматни бошқариш усуллари тушунтирилди.
Ушбу ўринда, Рақобат қўмитаси "UMS" (Mobiuz) томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан берилган кўрсатмани ўз вақтида бажарилганлигини олқишлаган ва бошқа мобил алоқа операторларини ҳам юқоридагилардан келиб чиқиб, ўз хизмат кўрсатиш қоидаларини мувофиқлаштириб боришга чақирган.
Шу билан бирга, қўмита Beeline мобил алоқа оператори билан ойлик ва кунлик абонент тўловлари шартларини қайта кўриб чиқиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилган.
Аввалроқ ўттиздан ошиқ ташкилот монопол мавқега эга деб топилганди.