Итлар қандай қилиб наркотик, портловчи моддалар ва бошқа тақиқланган буюмларни топади?
Кўппакларнинг бундай қобилияти олдида ҳар қандай замонавий технология ёки сунъий интеллект ҳам ип эшолмай қолади.

Бугунги кунда сунъий интеллект, нейрон тармоқлар ва юқори технологиялар даврида ҳамма ишни компютерлар ва роботларга ишониш мумкиндек туюлади. Лекин шундай бир вазифа борки, уни ҳали ҳеч қандай электрон ускуна ёки анализатор инсоннинг энг содиқ дўсти – ит каби аъло даражада бажара олмайди. Бу вазифа – наркотиклар ва бошқа тақиқланган буюмларни қидириб топишдир.
Тарихдан қисқа ҳикоя
Ҳаммаси XX аср бошларида Германияда бошланган. Ўша пайтларда мамлакатга контрабанда йўли билан, яъни божхона тўловларини тўлаб расмийлаштирмаган ҳолда катта миқдорда қаҳва олиб кирилган. Бу маҳсулот қиммат ва талаб катта эди. Немис божхонаси бу муаммони ечиш учун ғайриоддий ечим топди: бир божхона ходими ўз итини қаҳва ҳидига ўргатди. Ит юклар орасида айнан қаҳва сақланган қопларни осон топа бошлади.

Натижа ўзини оқлади – контрабандачи савдогарлар фаолияти тўхтатилди, қаҳва олиб кириш муаммоси деярли йўқолди. Шу содда ва ажойиб ғоя бутун дунёда божхона хизматларида итларни ёрдамчи сифатида ишлатиш анъанасини бошлаб берди.
Бугунги кунда эса улар қаҳва эмас, балки анча хавфли ва тақиқланган нарсалар – наркотиклар, қурол-яроғ ва портловчи моддаларни қидиришда инсониятга ёрдамчи бўлмоқда.
Итларнинг тенгсиз сезгирлиги
Табиатдаги ҳар бир тирик жонзотга ўз яшаш тарзи ва ареалига мос равишда маълум бир хислатлар берилган. Одам атроф-муҳит борасидаги маълумотларни мулоқот ва ва ҳис-туйғулари ёрдамида олса, итлар ҳид ёрдамида ундан-да кўпроқ маълумот олишади. Ўзидан анча узоқ масофадаги объектлар ҳақида билади. Итнинг ҳид билиш қобилияти инсонникидан тахминан 47 баробар кучли. Улар миллионлаб ҳидлар ўртасидаги нозик фарқларини ҳам ҳис қилолади.
Қизиғи шуки, ҳидни ёпиб бўлмайди – у пластмасса, шиша, полиэтилен ва ҳатто бетон орқали ҳам ташқарига сизиб чиқади.
Одамлар учун ўнлаб турли ҳидлардан иборат оғир атмосферада итлар шу ҳидлардан кераклигини осон ажратиб олади. У ҳидларни спектр сингари “кўради”, тизим сифатида ёдда сақлайди ва аниқ қидириб топади.
Қадимда итларнинг бу хислатидан ов қилиш ҳамда одамлар ва буюмларни топишда фойдаланишган. Яқин тарихда, жаҳон урушларида эса итлар ярадорлар ва юкларни ташишда фойда берган. Шунингдек, камикадзе-худкуш итларнинг (ёки денгизда делфинларнинг) қорнига бомба боғлаб, душман танклари тагига ўзини отиб, портлатиб юборишга ўргатишган.
Ҳозир итлар булардан ташқари, одамларни топиб қутқаришдан янада мураккаброқ, технология ютуқлари уддалай олмайдиган вазифани бажармоқда. Чунки темир ва дастурларга ҳид билиш қобилиятини ўргатиш инсон измида эмас.
Тасаввур қилинг: катта бир халқаро аэропорт. Ҳар куни ўн минглаб йўловчилар келади ва кетади – бу бутун бир шаҳар аҳолисига тенг. Божхона назоратидан кунига 100 мингга яқин жомадон ва юклар ўтади. Ва шу улкан оқимда – биргина сумкага наркотик солинган бўлиши мумкин.

Инсон кўзи ёки оддий сканер учун барча сумкалар бир хил. Ҳозирги замон технологиялари-чи, дейсизми? Ҳа, лабораторияда идеал шарт-шароитда махсус анализаторлар бор. Лекин тезлик, одамлар оқими, чиқиндилар, дўкон ҳиди, ёғи, парфюм, ғавғо ва шовқин – булар ҳаммасини аралаштириб юборади.
Ана шунда майдонга ит чиқади. Унга ҳеч қандай шовқин ёки ҳидлар халақит бермайди. У жонли сканер сингари ишлайди. Унга битта ҳидни “кўрсатсангиз” кифоя, у ҳидлар уммонидан ана шу ҳиднинг заррадек қисмини ҳам аниқлай олади.

Аэропортдаги видеоларда кўп кўрганмиз: оддий жомадон ёнида ит турибди, у йўловчи эмас – расмий ходим. Унинг вазифаси – тақиқланган моддани топиш. Ит тумшуғи билан жомадонларни ҳидлаб, шубҳали юкхалтага “мана шуни текширинглар” дегандек тумшуғи билан ишора қилади. Божхоначилар дарҳол сумкани ажратиб олади. Ит учун бу иш – ҳақиқий ғалаба.
Итларнинг яна бир хислати жуда қимматли – улар берилган вазифани бажармагунча тинчишмайди. Маълумки, чегарачи итлар нафақат ҳид топади, балки инсонни тақиб ҳам қила олади. Фердинанд исмли чегарачи ит бир сиёсий қочоқни икки ярим минг километр масофагача тақиб қилиб борган!

Ёки зилзила ва портлашлар сабабли турли бузилган бинолар ва тупроқ остида қолиб кетган одамларни қидираётган итлар бирорта ҳам одам топа олмаган кунлари хафа бўлиб, қаттиқ депрессияга тушади. Шу боис, одам топа олмаган итлар учун иш куни охирида талайба яшириб қўйилган манекенларни “топтириб, кўнглини кўтаришган”.

Итлар қандай танланади?
Кўпчилик энг ақлли, буйруққа итоат қилувчи итларгина божхонага олинади, деб ўйлаши мумкин. Лекин асосий мезон – бу ақл эмас, балки ўйин ўйнашга бўлган иштиёқ. Ғалати, дейсизми? Ҳозир тушунтирамиз.

Кинология, яъни итларни ўргатиш марказларида ёши кичик итлардан биринчи бўлиб шу хислатига қаралади: қайси бири тўп, таёқ, ўйинчоққа ўч? Унинг энергияси, ҳаракатчанлиги ва ўйинга муҳаббати – энг катта ва қимматли қобилият ҳисобланади.
Иккинчи босқичда – ҳушёрлик ва аниқлик текширилади. Бунинг учун ўйинчоқни қути ёки қути остига яширишади. Ит панжаси билан яширилган ўйинчоқни аниқ кўрсатиши керак. Шу билан бирга у қурбонида ёки буюмдаги нарсани тишламаслиги шарт – чунки аэропортда ўнлаб сумкаларни тишлаб чиқишга итнинг вақти ҳам, ҳаққи ҳам йўқ.
Учинчи босқич – ҳидни ажратиш қобилияти. Итга ўзи ўйнаган ўйинчоқ ёки таёқчани учта қути орасидан топиш вазифаси берилади. Бу вазифани шуғуллантириб сингдириб бўлмайди: итнинг ўзида туғма истеъдод бўлиши керак.
Энг қизиқ босқич: ўргатиш сирлари
Наркотикларни топа олувчи итлар ҳақида халқ орасида турли миш-мишлар юради. Масалан, итларга оз-оздан наркотик бериб, гиёҳванд қилиб қўйишади, шу боис ит ўзи учун жон-жаҳди билан наркотик қидиради, дейишади. Лекин бу тахмин, айтайлик, портловчи моддаларни ёки контрабанда товарларини қидирувчи итлар ҳақида сўз кетса, асоссиз экани фош бўлади. Ахир итларга портловчи модда едириб, ўргатиб бўлмайди-ку!?
Аслида итларни ўргатиш усуллари – ҳақиқий санъат. Бу ерда “севимли ўйинчоқ” омилидан фойдаланишади. Ит учун у оддий бир нарса эмас – балки ҳаётий мақсад, иштиёқ. Ит ўргатувчи айнан шу иштиёқни ўз манфаати учун йўналтиради.

У ўйинчоқни наркотик ёки унинг ҳидини тақлид қилувчи модда билан ишқалайди. Ҳидларни ўрганувчи илм – одорология деб аталади. Бу – ҳидлар ҳақидаги фан.
Одорологлар наркотик моддаларнинг ёқасига яқин ҳидларни синтез қилишади, аммо улар инсон ёки ит соғлиги учун зарарсиз бўлади.
Натижада итнинг миясида шундай боғланиш пайдо бўлади: “Менинг севимли ўйинчоғим – шу ҳид”. Энди у наркотик ҳидини топишни ўзи истайди, шунинг учун уни қидиради ва топиб олади.

Аслида ит учун наркотик моддани топиш – ўйиннинг давоми. Унинг учун бу меҳнат эмас – балки ҳаяжонли квест – жумбоқ ҳисобланади
Қаттиқ танлов ва статистика
Албатта, ҳамма итлар ҳам бу нозик вазифа учун ярамайди. Бундай самарали итларни топиш осон эмас. Статистикага қараганда, 150 та кучукваччадан фақат биттаси дастлабки танловдан ўтади. 500 тасидан фақат биттаси тўлиқ курсни “ўқиб” тугатади. 1500 дан биттасигина божхона хизматида самарали ишлайди.
Бу жуда катта саралаш. Лекин саралаб олинган итлар элитага айланади. Улар ёрдамчи эмас, балки ҳақиқий ҳамкасблар ҳисобланади. Ҳатто армияда ва божхонада нафақага чиққан итларни худди одам каби шараф ва тантана билан кузатиб қўйишади, унга қараб туриш учун нафақа тайинлашади. Ёки бирга ишлаган хизматчи уйига олиб кетади.
Итлар ягона ёрдамчи эмас
Ўзининг ноёб қобилиятлари билан одамзотга ёрдам берувчи жонзотлар фақат итлар эмас. Масалан, портловчи моддаларни аниқлаш учун... асаларилар ўргатилади.

Бу моддаларнинг кичик заррасини ҳам сеза оладиган асалари солинган қутичалар махсус сканер ичига худди ўқ каби жойланади. Текширув пайтида асаларилар портловчи моддани сезса, қаттиқ безовталанади. Буни сезган датчиклар дарҳол товуш ва чироқларни ишга туширади.

Варшавада мидиядан – чучук сув чиғаноқларидан шаҳарнинг сув тозалаш станциясида тирик биосенсорлар сифатида фойдаланишади. Уларга махсус электродлар уланган бўлиб, улар орқали моллюскларнинг қопқоқлари сув тиниқ ва тоза бўлса, бироз очилиб туриши ва ифлослик кирса, ёпилиб қолишидан фойдаланишади. Агар сув тоза бўлса, мидиялар бемалол очилиб, уни филтрлайди. Агар сувда токсинлар, оғир металллар ёки бошқа ифлослантирувчи моддалар пайдо бўлса – мидиялар қопқоқларини дарҳол ёпади. Қопқоқларга уланган симлардаги махсус датчиклар шу ҳаракатни аниқлаб, сигнални марказий пултга юборади. Бу тизим реал вақтда ишлайди ва сув таъминотидаги ҳар қандай ифлосланишни эрта аниқлаб, сув етказиб беришни тўхтатишга ёрдам беради.
Шу каби биомониторинг тизимлари Европанинг Мюнхен, Ҳамбург ва Варшава каби шаҳарларида ўрнатилган.
Хулоса
XXI асрнинг суперкомпютерлари ва нейрон тармоқлари кўп нарсани ҳисоблай олади. Аммо ҳид, иштиёқ, ўйин – булар инсон билан итни боғлайдиган табиий алоқа.
Ит инсонга нафақат ёрдамчи – балки ҳамкор. Унинг ўйинга бўлган севги ва садоқати жиноятчиларга қарши қудратли қуролга айланади.
Шунинг учун аэропортда ёки чегарада хизматчи итни кўрсангиз, уни оддий қидирувчи деб ўйламанг. У ўйнаяпти. Лекин унинг ўйини – бизнинг хавфсизлигимиз учун кураш сифатида тарихда қолмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров