Навоийда "Ташаббусли бюджет" доирасида таълимга ажратилган пуллар ўзлаштириб юборилди
Мазкур "иш" ташкилотчиси Навбаҳор туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг товар-моддий бойликлар бўйича ҳисобчиси лавозимида ишлаган.

Навоийда "Ташаббусли бюджет" лойиҳасидан мактабга ажратилган пуллар ўзлаштириб юборилди.
2025 йил 17 июн куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор тумани судида таълим соҳаси мансабдорлари ва уларнинг тадбиркор шерикларига оид суд иши бўлиб ўтди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи ХХ мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳисобчиси лавозимида ишлаб келган. У таълим бўлими раҳбари, "The Markus" МЧЖ раҳбари, Billionare Gold Market МЧЖ раҳбарлари билан олдиндан тил бириктирган.
Улар “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йилдаги 1,2-мавсумларида Навбаҳор туманидаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилиши лозим бўлган ишлардан ўз манфаати йўлида фойдаланган.
Айбланувчилар тумандаги 9-мактабни жиҳозлаш тадбирларидан фойдаланиб, жами 96 млн 357 минг сўмга қиммат нархда маҳсулотлар сотиб олиб, пулларни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилишга эришган.
Шунингдек, ХХ ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқа мансабдор шахслар билан тил бириктириб, айбига иқрорлик билдирмасдан, 41 млн 792 минг сўмлик маҳсулотларни сохта ҳисоб-фактураларга расмийлаштиришга эришган.
ХХ 2018 йилдан бери Навбаҳор туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг товар-моддий бойликлар бўйича ҳисобчиси лавозимида ишлаб келаётган бўлган. У судда ўз айбини тан олмаган.
Бугунги кунда “The Billionaire Gold Market” МЧЖ ва “The Markus” МЧЖларнинг расмий раҳбари сифатида ўз иш фаолиятини амалга оширган шахс эса айбига иқрорлик билдирган.
Якуний суд ҳукмига кўра, ХХга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Унинг тадбиркор жиноий шеригига эса тайинланган жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги муассаса, корхона ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг Навоий вилоят прокуратурасининг “Микрокредитбанк” Навоий филиалида сақланаётган жами 96.357.000 сўм пуллар Навоий вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси фойдасига ўтказилиши белгиланди.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.