Тошкент метросида чиптахоналар ёпила бошланди
Кузатувларга кўра йўловчиларнинг 6-7 фоизигина нақд тўловдан фойдаланмоқда.

Тошкент метросида чиптахоналарни ёпиш бошланди. Бу ҳақда метрополитен маъмурияти хабар берди.
Тошкент метрополитени йўловчиларига қулайлик яратиш ҳамда касса олдидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида метродан фойдаланишда йўл ҳақини тўлашнинг 10 дан ортиқ тури мавжуд.
Жумладан, QR-кодли бир марталик чипталар 3000 сўмни ташкил қилса, бошқа тўлов усуллари 1700 сўм ва ундан ҳам арзон. Шуни инобатга олиб, ҳозирги вақтга келиб йўловчиларнинг кам сонли қисмигина нақт пул кўришида яни кассадан ҚР-кодли чипта ҳарид қилиб йўл ҳақини тўлашмоқда.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, илгари бир марталик QR-кодли чипталардан метро йўловчиларининг 45-50% фойдаланган бўлса, ҳозирги вақтга келиб қарийб 6-7% ни ташкил қилмоқда.
Узоқ вақт давом этган кузатув ва ўрганишлар натижаларига кўра бир қанча метро бекатларидаги вестибюлларда жойлашган кассаларда чипталар ҳарид қилиниш кўрсатгичи кескин камайгани аниқланди. Шу боисдан, нақт пул кўринишида тўловни амалга оширувчи йўловчилар сони кам бўлган 13 та метро бекатларининг (Мирзо Улуғбек, Халқлар дўстлиги, Пахтакор, Ҳамид Олимжон, Пушкин, Дўстлик, Тошкент, Ойбек, Тинчлик, Шаҳристон, Бодомзор, Минор ҳамда Абдулла Қодирий ) 1 тадан вестибюлларидаги кассалар ёпилди ва ушбу вестибюлларга чипта сотиб олиш учун автоматлаштирилган банкоматлар синов тариқасида ўрнатилмоқда.
Шунингдек, метро йўловчилари касса ёпилган вестибюлларда ҳам автоматлаштирилган тўлов турларининг бошқа усуллари орқали тўлов қилиш имкониятига эгалар. (АТТО карталари, банк карталари, турли мобил иловалар, кафт орқали ва бошқа тўлов усуллари).
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан автобусларда нақд тўлов тўхтатилганди.