1 июл санасидан нималар ўзгаради?
Пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоизга ошмоқда. Пенсия тайинлашнинг янги тартиби жорий этилади.

1 июлдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради? Кутилаётган ўзгаришлар рўйхати тақдим этилди.
Пенсия ва нафақалар ошади
Пенсия ва нафақалар миқдори, шунингдек кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари 10 фоизга ошириляпти. Бунда қуйидагилар белгиланди:
- ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 918 минг сўм;
ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 012 минг сўм;
кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ойлик миқдори:
– 360 минг сўм – 3 ёшгача бўлган бир нафар кичик фарзанд учун;
– 275 минг сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган бир нафар фарзанд учун;
– 165 минг сўм – оиладаги иккинчи фарзанд учун қўшимча;
– 110 минг сўм – оиладаги учинчи ва ҳар бир кейинги фарзанд учун;
кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 420 минг сўм.
Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 471 минг сўм.
Пенсияларни тайинлашнинг янги тартиби
Фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларини проактив шаклда тайинлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилади:
- фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши муносабати билан пенсияларни алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда тайинлаш;
-кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядровий полигонлар ва бошқа радиация-ядровий объектларда ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсацияларни электрон маълумотлар алмашинуви асосида тайинлаш;
-ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида бир йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг пенсия миқдорини ҳар икки йилда қайта ҳисоблашни амалга ошириш.
Шифокорлар устама олади
Республиканинг барча давлат тиббиёт муассасаларида касалликларнинг оғирлик даражаси ва даволашнинг мураккаблигидан келиб чиқиб махсус кўникмаларни талаб қиладиган даволаш чоралари ва юқори хавф даражасидаги амалиётларни самарали амалга оширган шифокорларга ойлик лавозим маошларининг 25 фоиздан 100 фоизгача устама тўлаш тизими жорий этилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун солиқ имтиёзларини олиш осонлаштирилади
Қонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзлари ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг мурожаатисиз проактив шаклда қўлланилади.
Ветеринария ва фитосанитария соҳасида муҳр ва штамплар бекор қилинади
Ветеринария ва фитосанитария соҳасида ташқи савдо юкларига тегишли ҳар қандай ҳужжатларга муҳр ва штамп босиш ҳамда уларни ёзма тарзда рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади. Барча тартиботлар ушбу ҳужжатларни электрон шаклда тасдиқлаш орқали амалга оширилади.
Чегара орқали машинада ўтишда ФЖМС талаб этилади
Чегара орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш жорий этилади. Бунда:
суғурта полисини расмийлаштириш божхона органлари ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;
чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш фуқаролик жавобгарлиги тўғрисида суғурта полиси мавжуд бўлганда амалга оширилади.
Тадбиркорлик билан шуғулланиш шароитлари яхшиланади
2028 йил 1 январгача кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган НҲҲ қабул қилишга мораторий эълон қилинади.
Тадбиркорлик субъектлари учун янги тартибга солиш воситаларини белгилашни ёки амалдагиларини кучайтиришни назарда тутувчи НҲҲларга нисбатан "ягона санадан янги қоидалар" тамойили қўлланади ва ушбу нормаларнинг кучга кириш санаси 1 январь ёки 1 июль этиб белгиланади.
2028 йил 1 январгача "Биринчи имконият" тамойили жорий этилади, яъни биринчи фаолият йили давомида савдо ва тадбиркорлик соҳаларига оид маъмурий ҳуқуқбузарликни илк бор содир этган кичик тадбиркорлик субъектлари маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Давлат функцияларининг бир қисми хусусий секторга топширилади
Хусусий секторга қуйидагилар топширилади:
риэлторлар ва баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш;
суд бошқарувчисининг малака гувоҳномасини бериш;
баҳоловчиларга тоифа бериш;
ҳисоблагичларни текшириш;
карантин остидаги маҳсулотларни зарарсизлантириш (фумигация) фаолияти;
гид (гид-таржимон), экскурсовод ва инструктор-йўлбошчига малака сертификатини бериш;
тиббий ташкилотларни аккредитациялаш ва бошқалар.
Улушдорларни ҳимоя қилишнинг янги чоралари жорий этилади
Қурилиш-пудрат ташкилотлари, девелоперлар ва буюртмачилар (қурувчилар) томонидан объектларни қуришда улушли иштирок асосида улушдорлар маблағларини жалб этиш фақат кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтган объектни қуришда улушли иштирок бўйича нотариал тасдиқланган шартнома асосида амалга оширилади.
ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинади
Ягона тарифлар бўйича йўловчиларни ташиш хизматлари айланмаси учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз бекор қилинади.
Болалар боғчаларида келишни электрон ҳисобга олиш жорий этилади
Барча давлат МТМларида ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон келиши, иш вақти, тарбияланувчиларнинг овқатланиш харажатларини "Болалар боғчаси" ахборот тизими орқали ҳисобга олиш жорий этилади.