Озарбайжон Россия билан боғлиқ тадбирларни бекор қилди. Муносабатлар совуқлашмоқдами?
Екатеринбургда Россия кучишлатар тузилмалари озарбайжонликларга қарши рейдда қўполлик ишлатгани, икки киши эса ўлгани хабар берилди. Бунинг ортидан Озарбайжон қатор чоралар кўра бошлади.

Озарбайжонда Россия давлат ва хусусий муассасалари томонидан ўтказиладиган барча маданий тадбирлар бекор қилинди. Бу ҳақда Озарбайжон Маданият вазирлиги Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Бекор қилинган тадбирларга концертлар, фестиваллар, спектакллар ва кўргазмалар киради. Фуқароларга чипталарни қайтариш учун савдо нуқталари ва онлайн платформаларга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Ҳаммаси нимадан бошланганди?
Республика Маданият вазирлиги Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг Екатеринбургдаги ҳаракатларига жавобан шундай қарор қабул қилди. У ерда 50 га яқин Озарбайжон фуқароси этник гуруҳ фаолиятини бостириш вақтида қўлга олинган. Бугун Екатеринбургда этник уюшган жиноий гуруҳ иши бўйича икки айбланувчи қўлга олингани маълум бўлди.
Шундан сўнг Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Екатеринбургда озарбайжонликларнинг ҳибсга олиниши муносабати билан Россиянинг республикадаги вақтинчалик ишлар бўйича вакилини чақиртирди. Вазирлик 27 июн куни ўтказилган рейдлар юзасидан Россия томонига “қаттиқ норозилик” билдирди.
Вазирлик маълумотларига кўра, воқеалар чоғида икки озарбайжонлик ҳалок бўлган, бир неча киши оғир тан жароҳатлари олган, тўққиз киши ҳибсга олинган.
"Биз Россия бу иш бўйича зудлик билан тергов олиб боришини ва номақбул зўравонлик учун жавобгарларни имкон қадар тезроқ жавобгарликка тортишини кутамиз", дейилади ТИВ хабарида.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги ҳибсга олишлар узоқ йиллик жиноят ишлари бўйича тергов доирасида амалга оширилганлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Озарбайжон Миллий Мажлиси ўз делегациясининг Москвага ташрифини бекор қилди.
Миллий Мажлис раиси биринчи ўринбосари Али Аҳмедов бошчилигидаги делегация Россия билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг 23-йиғилишига Москвага бормайди. Бу ҳам юқоридаги иш билан боғлиқ экани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат муносабатлари Қозоғистондаги самолёт ҳалокати сабаб совуқлашганди. Ўшанда Владимир Путин Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб узр сўраганди.