Ўзингни заҳарлама: Тошкентда гиёҳвандликка қарши халқаро тадбир ўтказилди
Дунё бўйлаб қарийб 300 миллион киши гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қиляпти, қурбонлар сони эса бир йилда 600 минг кишидан ошмоқда.

Гиёҳвандлик ва наркожиноятлар бугунги кунда бутун инсоният учун долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Улар шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига доимо жиддий таҳдид солиб келади.
Шу боис, халқаро ҳамжамият бу иллатга қарши курашишни мунтазам амалга ошириб келмоқда. БМТ Бош Ассамблеяси қарорига асосан Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш куни белгиланган.
26 июн – Халқаро наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида тадбир бўлиб ўтди. Тадбир давомида CАДАП-7 дастури координатори Антонио Гонсалес “Ўзбекистондаги CАДАП-7 дастури ташаббуслари” мавзусида тақдимот ўтказди.
БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг минтақавий ваколатхонаси ходими Саломе Флорес хоним дунёда кузатилган нарковазият тўғрисида БМТ томонидан куни кеча эълон қилинган ҳисобот тўғрисида тақдимот ўтказди. Унга кўра, ҳозирда дунё бўйлаб қарийб 300 миллион киши гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қиляпти, қурбонлар сони эса бир йилда 600 минг кишидан ошмоқда.
Мазкур муаммолар кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонни ҳам ташвишга солмоқда. Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони қарийб 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар мусодараси 8,5 бараварга ошган бўлса, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси 80 бараварга кўпайган.
Бу каби кўрсаткичлар гиёҳвандлик муаммосининг нафақат кенгайиб бораётганини, балки турли ижтимоий қатлам, жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар орасига ҳам кириб бораётганини кўрсатмоқда.
Мутахассислар фикрича, бу тенденцияга қарши курашишда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки бутун жамият – оила, таълим муассасалари, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари бирлашган ҳолда ҳаракат қилиши зарур.
Тадбирда ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва прекурсорларни йўқ қилиш маросими онлайн тарзда намойиш этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, ёқиш маросимида жами 2,1 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди.