platina.uz
Бизнес

Боғот тумани аёллар бандлигини таъминлаш бўйича намунавий ҳудудга айланмоқда

“Микрокредитбанк” раҳбарияти президент топшириғи ижросини жойига чиқиб ўрганмоқда.

Боғот тумани аёллар бандлигини таъминлаш бўйича намунавий ҳудудга айланмоқда

Жорий йилнинг 1-2 май кунлари давлат раҳбари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Боғот туманини аёллар ишсизлигидан холи туманга айлантириш, бу борада маҳаллабай ёндашувни жорий этиш ва самарали тажрибаларни оммалаштириш бўйича муҳим топшириқлар берган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Микрокредитбанк” АТБ томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Куни кеча банк бошқаруви раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова Боғот туманига ташриф буюриб, берилган топшириқлар ижроси қандай амалга оширилаётгани билан танишди.

Аёллар учун контейнер дўконлар – янги имкониятлар маскани

“Микрокредитбанк” АТБ ташаббуси билан туманда замонавий контейнер дўконлар ташкил этилди. Уларда китоб дўкони, озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар кийим-кечаклари, тикувчилик устахоналари, гўзаллик салонлари ва бошқа турдаги савдо нуқталари фаолият юритмоқда. Мазкур контейнерларда фаолиятини йўлга қўйган жами 11 нафар хотин-қизга 350 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган. Шахло Ибрагимова уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, муаммо ва таклифларини ўрганди.

Айтиш жоизки, 2025 йилнинг май ойи ҳолатига Боғот туманидаги хотин-қизларга давлат дастурлари доирасида ажратилган кредитларнинг умумий миқдори 111 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бу орқали яратилган ишчи ўринлари сони эса 50 нафардир.

“Бир контур – бир маҳсулот” лойиҳаси: ишсизликка қарши самарали ечим

“Микрокредитбанк” АТБ томонидан Тўпчи маҳалласида яна бир муҳим ташаббус – “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ижарага ер майдонлари ажратилиб, экспортбоп ва юқори даромадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш лойиҳаси йўлга қўйилди

10 гектарлик ер майдони маҳалланинг 65 нафар фуқаросига ҳар бирига 15 сотихдан ижара асосида ажратилган бўлиб, бунда биринчи экинда тарвуз маҳсулоти етиштирилмоқда. Бу орқали 7,5 тонна маҳсулот олиш режалаштирилган. Кейинги такрорий экин сифатида сабзи экилиб, ундан 4,5 тонна маҳсулот олиниши кўзда тутилган.

3 (129).png

Аҳамиятлиси, лойиҳа натижасида 65 нафар ишсиз фуқаро даромад манбаи билан таъминланади. Ҳисоб-китобларга кўра, тарвуздан 812 миллион сўм, сабзидан эса 507 миллион сўм соф фойда олиниши кутилмоқда.

Аёлларни иш билан таъминлаш – бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. “Микрокредитбанк” АТБнинг Боғот туманида амалга ошираётган ишлари эса бу соҳада амалий натижаларга эришиш мумкинлигини яққол намоён этмоқда.

Банк Ахборот хизмати

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid