Банкларни санация ва тугатиш тартиби белгиланди
Қонун банклар, банклар гуруҳлари ва акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига нисбатан татбиқ этилади.

Банкларни санация қилиш ва тугатиш тартиби белгиланди.
“Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-1070-сон, 23.06.2025 й.) қабул қилинди.
Қонун банклар, банклар гуруҳлари ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига нисбатан татбиқ этилади.
Марказий банк банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Қуйида санаб ўтилган барча асосларнинг мавжудлиги банкни санация қилишни бошлаш учун асос деб ҳисобланади:
- банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки тўловга қобилиятсизликнинг юзага келиш эҳтимоли юқорилиги;
- банклар томонидан кўрилган чоралар, шунингдек Марказий банк томонидан қўлланган назорат чоралари тўловга қобилиятсизликни бартараф этишга қодир бўлмаганлиги ёхуд 6 ой ичида бунинг эҳтимоли мавжуд эмаслиги;
- банкнинг тизимли аҳамиятга молик эканлиги ёки тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкни мажбурий тугатиш орқали белгиланган мақсадларга эришиб бўлмаслиги сабабли санация қилиш зарурлиги.
Марказий банк санация қилинаётган банкнинг махсус бошқарувчисини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Санация қилиш воситалари қуйидагилардан иборат:
- активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш);
- оралиқ банкни ташкил этиш;
- ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш.
Аввалроқ Ўзбекистонда энг кўп фойда кўраётган банклар эълон қилинганди.