Андижонда “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” ходимлари судга тортилди
Улар маҳаллий тадбиркорларга ҳужжатларни сохталаштириб, малбағларни ўзлаштиришида ёрдам беришган.

Андижонда бир гуруҳ ходимлар ва МЧЖ раҳбарларига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
2025 йил 2 июн куни жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг очиқ суд мажлисида бир гуруҳ тадбиркорлар ва ходимларга нисбатан суд иши кўриб чиқилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи Қ.А. МЧЖ раҳбари бўлиб, “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси техник назоратчиси М.Б билан тил бириктирган. Улар аслида бажарилмаган иш ҳажмлари ва олиб келинмаган қурилиш маҳсулотларини қўшиб ёзишиб, ушбу сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда 28 млн 952 минг 275 сўм маблағларни жамият ҳисоб-рақамига ўтказилишига эришиб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.
Бундан ташқари Қ.А. “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” давлат муассасаси Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси техник назоратчиси Х. Ш. билан тил бириктириб, Марҳаматдаги боғчани реконструкция қилиш бўйича сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда 185.111.516 сўм маблағларни жамият ҳисоб- рақамига ўтказилишига эришган.
Шунингдек, Қ.А. яна бир техник назоратчи Н.Ш. билан тил бириктириб, боғчага ажратилган пуллар бўйича ҳужжатларни сохталаштириб, ушбу сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда 157.336.276 сўмларни, А.Қосимов жами 371.400.068 сўмлик ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган. Қ.А. электр тармоғига ҳам ноқонуний уланиб, Андижон шаҳар электр таъминоти корхонаси Эски шаҳар бўлими манфаатларига анча миқдордаги 38.880.000 сўмлик зарар етказган.
Яна бир судланувчи хавфли рецидивист Қ.Б.техник назоратчи Х.Ш. билан қурилиш объектида фойдаланилган жами 282 млн. 576 минг 904 сўмлик аслида бажарилмаган иш ҳажмлари ва олиб келинмаган қурилиш маҳсулотларини қўшиб ѐзишиб, талон-торож қилган.
Яна бир судланувчи, МЧЖ раҳбари Т.О. Марҳамат туманидаги мактабни таъмирлаш асносида ноқонуний равишда 52.401.894 сўм маблағларни жамият ҳисоб-рақамига ўтказилишига эришган.
Айбланувчилар судда ўз айбларига қисман иқрорлик билдирган.
Якуний ҳукмга кўра, А.Қ.га узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 105 баравари миқдорида 39.375.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Б.М.га эса иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Ш.Н.га иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Х.Ш.га ҳам худди шундай жазо тайинланди.
Судланувчи Т.О.га ЖКнинг 59-моддаси тартибида иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.
Аввалроқ Навоийда мактаб директори ўринбосари ва МЧЖ раҳбарининг қилмишлари ошкор бўлганди.