platina.uz
Жамият

Ҳисорак сув омборидан Қаршига ичимлик суви тармоғи тортилади

Қарши шаҳрида сув таъминоти 97 фоиз бўлсада, сув олиб борадиган 110 километрли магистрал қувурнинг ярмидан кўпи эскирган. 

Ҳисорак сув омборидан Қаршига ичимлик суви тармоғи тортилади
Фото: Platina.uz

Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳрига ичимлик суви тортилади. Бу ҳақда Қашқадарё вилоятида ўтаётган президент селекторида маълум қилинди.

Сўнгги 8 йилда ажратилган 1,7 триллион сўм ҳисобидан вилоятда марказлашган сув таъминоти 32 фоиздан 61 фоизга чиқди. Лекин, бу республикада энг паст кўрсаткич экани кўрсатиб ўтилди.

Вилоятда сув ва канализацияни яхшилашга бу йил 800 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга бунинг ҳисобига 183 километр сув ва канализация тармоғи, 8 та сув иншооти қурилишини якунлаш топширилди.

Қарши шаҳри канализация тизимини яхшилаш ишларини ҳам шу ойда бошлаш шартлиги қайд этилди. Бунга халқаро молия институтидан 60 миллион доллар жалб қилинган.

Қарши шаҳрида сув таъминоти 97 фоиз бўлсада, сув олиб борадиган 110 километрли магистрал қувурнинг ярмидан кўпи эскирган, сув йўқотиш юқори.

“Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик суви тармоғи тортишимиз керак”,– деди Президент.

Мутасаддиларга ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Ҳозирнинг ўзида вилоятдаги 20 минг оилада уй-жойга эҳтиёж бор.

Шу муносабат билан жорий йилда 7 минг 700 та хонадон қурилишини якунлаш, аҳоли зич бўлган Шаҳрисабз ва Қарши шаҳри, Китоб, Косон, Чироқчи, Яккабоғда яна 5 минг хонадонли уйлар қуришни бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Хонадонлар энергия самарадор тизимга ўтиши учун Кўкдала ва Нишон туманлари, Қарши шаҳридаги ижтимоий объектлар ва хонадонларга қуёш панели, гелиоколлектор ўрнатишига кўмаклашиш топширилди.

Вилоят бошқармалари ва туман бўлимлари эса йил якунигача биносига камида 20 киловаттли қуёш панеллари ўрнатиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, президент 19 июн куни Ҳисорак сув омборидаги ГЭС фаолияти билан танишганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid