Фарғонада МИБ мансабдори пора билан қўлга олинди
У суд варақаси бўйича ижро ҳаракатларини якунлаб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари сўраган.

Фарғонда МИБ мансабдори 2 минг доллар пора билан қўлга тушди.
Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи ўз хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда, бўйсунувидаги давлат ижрочиси иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича суднинг ижро варақаси бўйича жавобгарларни ушбу тумандаги хонадондан мажбурий тартибда кўчириш юзасидан ижро ҳаракатларини якунлаб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Жорий йилнинг 3 июн куни у талаб қилинган пул маблағидан 1200 АҚШ долларини пора сифатида олади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у қолган 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан МИБ мансабдор ходимига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Аввал Нукусда директор ўринбосари ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиб бериш эвазига уларнинг ҳар биридан 1000-1500 АҚШ доллари миқдорида пул олгани аниқланганди.