Элдор Шомуродов. 3-тайм, 5-сон
Бу сонда сурхон йигитининг футболдаги саёҳати, шахсий ҳаёти ва қанча даромад топиши ҳақида сўз боради.

Бир пайтлар Жарқўрғоннинг жазирама ва чанг кўчаларида, ариқлар ва чинорлар орасида футбол ўйнаб катта бўлган Элдор Шомуродовнинг номи бугун дунёнинг йирик футбол мусобақаларида бот-бот янграмоқда, донгдор шарҳловчилар томонидан ўзгача завқ билан тилга олинмоқда.
Маълумки, болаларнинг қайси соҳага ва қайси спорт турига қизиқишида улар яшаётган муҳит катта аҳамият касб этади. Масалан, Алмопиш ва Барчинойлар юрти бўлмиш Сурхон диёрида кураш кенг тарқалган. Бу ердаги ҳар 2 боланинг ҳеч бўлмаса бирови тўйларда кураш тушади десак, муболаға бўлмайди. Бироқ ёш Элдорнинг кўнгли кўпроқ коптокка мойил бўлиб ўсди. Дўстлари тўйлардаги кураш давраларида гир айланган пайтларида у футбол ўйнади. Жаҳон футбол юлдузларига ҳавас билан қаради, келажакда улар каби машҳур ва маҳоратли ўйинчи бўлишни юрагига тугиб қўйди.
Бу бежиз эмас, албатта. Элдорнинг оиласини чин маънода футболчилар оиласи дейиш мумкин. Элдорнинг отаси Азамат ака Ўзбекистон футбол чемпионатининг қуйи лигаларида тўп сурган. Амакиси Илҳом Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳужумчиси бўлган. Яна бир амакиси Отабек ва туғишган акаси Сардор ҳам футболчилардан.
Юқоридаги видеолавҳада Шомуродовнинг шахсий ҳаёти, футболдаги саргузаштлари ва даромади ҳақида сўз боради.