Путин Зеленский билан учрашишга тайёрлигини айтди
Бироқ Россия раҳбари унинг легитимлигини шубҳа остига олган. Уруш шароитида Украинада сайлов ўтказиш эса мумкин эмас.

Россия президенти Владимир Путин Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашишга тайёрлигини, бироқ унинг қонунийлигига шубҳа қилишини айтди.
"Мен ҳамма билан, шу жумладан Зеленский билан ҳам учрашишга тайёрман. Гап ҳужжатларни ким имзолаши (тинчлик келишуви)да", деди Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда.
"Украина президенти беш йилга сайланади, ҳатто ҳарбий ҳолат шароитида ҳам уни узайтиришнинг йўллари йўқ. Ҳарбий ҳолатда фақат парламент иши узайтирилади. Президентнинг бу ишдаги ҳуқуқлари ҳеч қаерда ёзилмаган", - деди Россияда 25 йилдан буён бошқараётган президент.
Эслатиб ўтамиз, Зеленский 2019 йилдан буён Украинани бошқариб келмоқда. Уруш шароитида мамлакатда сайловлар ўтказилиши мумкин эмас. Зеленский уруш тугаши билан мамлакатда сайловлар бўлиши ҳақида айтган.
Владимир Зеленский 2025 йил май ойида Истанбулда Путин билан шахсан учрашмоқчи эканини маълум қилган, аммо Россия раҳбари ушбу учрашувга келмаганди.