Янги Тошкентгача метро қурилади
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида режалаштирилган қурилиш ва жамоат транспорти лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Ҳозирги “Дўстлик” метро бекатидан бошланиб, янги марказгача боради. Узунлиги 21 километр, 9 та бекатдан иборат бўлиши кутилаётган бу метро кунига 230 минггача йўловчиларни қамраб ололади.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 июн куни Тошкент шаҳрида режалаштирилган қурилиш ва жамоат транспорти лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Тошкент метрополитени Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган эди. Бу 2 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Тошкент ҳалқа йўлигача ер юзаси бўйлаб, иккинчи босқичда у ердан ТТЗ даҳасининг шоҳ бекатигача ерости йўли барпо этилади.
Шунингдек, транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида мазкур темир йўлни Тошкент ҳалқа йўли остидан ўтказиш назарда тутилмоқда. Ерости йўналиши ҳам кўчадаги ҳаракатни тўхтатмаган ҳолда қурилади. Бу янги метро йўли 85 минг йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.
Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари қурилиш сифати ва маданиятини ошириш, одамларга қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.