platina.uz
Жамият

Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги гапларга изоҳ берди

Ҳар йили ўртача 5-6 нафар бола жинси ноаниқ ҳолатда туғилиши ҳолати учраб туради, дейилади изоҳда. 

Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги гапларга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда “жинсини ўзгартиришга рухсат берилди...”, “энди ким жинсини ўзгартирса, у фамилия, исм ва ота исмини ҳам ўзгартириши мумкин...” мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда. Адлия вазирлиги бу ҳақда расмий изоҳ берди.

Қонунчиликка мувофиқ боланинг туғилишини қайд этиш вақтида унинг жинсига оид маълумотлар тиббиёт муассасаси томонидан бериладиган тиббий гувоҳнома асосида ёзилади.

Бироқ ҳар йили ўртача 5-6 нафар бола жинси ноаниқ ҳолатда туғилиши ҳолати учраб туради, бунда дастлабки текширувлар боланинг жинсини “ўғил” ёки “қиз” деб кўрсатса-да, кейинчалик бола 5-10 ёш, айрим ҳолатларда эса 10-16 ёшдан ошганда боланинг жинси “ўғил” эмас “қиз” эканлиги ёки аксинча “қиз” эмас “ўғил” эканлиги аниқланмоқда.

Шу каби ҳолатларда тиббиёт муассасасининг хулосаси билан жинсга оид маълумотларга тузатиш киритилади.

Маълумот учун: бу каби ҳолатларда жинсини тузатиш мумкинлиги Оила кодексининг 229-моддасида белгиланган бўлиб, мазкур ҳуқуқий нормалар янги жорий этилмаган, аксинча 1998 йил 1 сентябрдан буён амалда ҳисобланади.

Бу борада қонунчилик ҳужжатларида айрим ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд бўлган.

Мисол тариқасида, 2008 йилда туғилган боланинг жинсини аниқлаш имкони бўлмасдан “ўғил” деб ёзилган ва ўғил боланинг исми қўйилган. Кейинчалик бола 16 ёшга тўлгач тиббий текширувларда унинг жинси “қиз” эканлиги аниқланиб, тиббиёт муассасасининг хулосасига асосан жинсига оид маълумотларга тузатиш киритилган. Бироқ ушбу хулоса асосида унинг фамилия, исм ва ота исмини қиз болаларга мос равишда ўзгартириш имкони бўлмаган.

Мазкур ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июньдаги 362-сон қарори қабул қилиниб, тиббиёт муассасасининг хулосасига асосан жинсига оид маълумотлар тузатилганда боланинг фамилия, исм ва ота исмини жинсига мос равишда ўзгартириши белгиланди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid