Андижон ва Фарғонада маҳаллалар ва ободонлаштириш учун миллиардлар ажратилади
Фарғонада ер ва мол-мулк солиғини энг кўп туширган МФЙларга салкам 2 млрд сўм берилади.

Андижон ва Фарғона вилоятларда бюджетдан катта маблағлар ажратиш бўйича ҳужжатлар эълон қилинди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров 2025 йил 13 июн куни пул ажратиш бўйича фармойиш чиқарган. Унга кўра, ер ва мол-мулк солиғини энг кўп туширган Олтиариқ тумани “Азимобод” МФЙГА 500,0 миллион сўм, Учкўприк тумани “Олтин водий” МФЙга 300,0 миллион сўм, Фарғона шаҳри “Бешбола” МФЙга 200,0 миллион сўм, Риштон тумани “Қалайнав” МФЙга 200,0 миллион сўм, Қува тумани “Гулобод” МФЙга 200,0 миллион сўм, Бағдод тумани “Гулистон” МФЙга 100,0 миллион сўм, Марғилон шаҳри “Туттаги” МФЙга 100,0 миллион сўм, Фурқат тумани “Калдушон” МФЙга 100,0 миллион сўм, Ёзёвон тумани “Сойёни” МФЙга 100,0 миллион сўм, Фарғона тумани “Юксалиш” МФЙга 50,0 миллион сўм, Қўқон шаҳри “Яланғочота” МФЙга 50,0 миллион сўм, Риштон тумани “Сўхобод” МФЙга 50,0 миллион сўм жами 1 950,0 (бир миллиард тўққиз юз эллик) миллион сўм маблағ вилоят маҳаллий бюджетининг 2025 йил 1-чорак даромадлар режасини ошириб ажратилган қисми ажратилади.
Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши ҳам 13 июн куни пул ажратиш бўйича қарор чиқарди. Унга кўра, вилоят бюджетининг 2025 йил 1-чорак даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан қуйидаги ишлар қилинади:
- Хонобод шаҳар маҳаллий бюджетига Хонобод шаҳрида “ИТ-шаҳарча” ташкил этиш учун 700,0 (етти юз) миллион сўм;
- Андижон шаҳар маҳаллий бюджетига шаҳар марказий кўчаларидаги тунги ёритиш чироқларини таъмирлаш харажатларига 200,0 (икки юз) миллион сўм;
- Андижон шаҳар маҳаллий бюджетига ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун манзарали ва мавсумий гул кўчатлари сотиб олишга 500,0 (беш юз) миллион сўм;
- Андижон шаҳар маҳаллий бюджетига шаҳар марказий кўчаларидаги ободонлаштириш ишларидан юзага келган қарздорликни қоплаш учун 200,0 (икки юз) миллион сўм;
- Андижон шаҳар маҳаллий бюджетига эҳтиёжманд ва моддий кўмакка муҳтож оила вакилларини қўллаб-қувватлаш учун Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармасига 80,0 (саксон) миллион сўм;
- Олтинкўл туман маҳаллий бюджетига “Мебел бозори” ҳудудида автотураргоҳ
ташкил этиш учун ажратилган 1,8 гектар ер майдонини тоифасини ўзгартириш харажатлари учун 19,0 (ўн тўққиз) миллион сўм;
- вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармасига вилоят ҳокимлигининг қўриқлаш хизматидан юзага келган қарздорлигини қоплаш учун 300,0 (уч юз) миллион сўм;
- вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармасига Андижон вилояти футбол ассотсиациясига “Бобур арена” ўйингоҳини замонавий талабларга мослаштириш билан боғлиқ харажатларга 600,0 (олти юз) миллион сўм ҳамда спорт мактабларини футбол тўпи, дарвоза сеткаси, спорт кийимлари ва бошқа инвентарьлар билан таъминлаш учун 180,0 (бир юз саксон) миллион сўм;
- ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий ва инфратузилма объектларидаги қурилиш-таъмирлаш ишларига 1-иловага мувофиқ 1159,0 (бир миллиард бир юз эллик тўққиз) миллион сўм;
Умумий жами уч миллиард тўққиз юз ўттиз саккиз миллион сўм миқдорида маблағлар ажратилади.