platina.uz
Жамият

Бухоро ҳокими зарур бўлса, бино ичидаги одамларни кўмиб ташлашни буюрди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги воқеа салкам бир ой олдин олинган ва энди сиздирилган. Вилоят матбуот хизмати раддия берди.

Бухоро ҳокими зарур бўлса, бино ичидаги одамларни кўмиб ташлашни буюрди

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг хусусий боғчани бузиш ҳақида топшириқ бергани тасвирланган видеолавҳа тарқалди.

"Бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан, нарсалари билан, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан", деган Зарипов видеода. Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, 22 май куни вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирган. 1961 йилда қурилган, 140 ўринли мазкур боғча ҳозирда таъмирталаб аҳволда бўлиб, уни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилган.

Ўрганиш давомида вилоят ҳокими қурилиш ишларини жадаллаштириш ва қисқа муддатда якунлаш бўйича топшириқлар берган. Шу билан бирга, боғча ҳудуди ва атрофида аниқланган камчиликлар юзасидан ҳам эътироз билдирган.

Ҳоким боғча ҳудудидан ноқонуний тарзда умумий овқатланиш объектига очилган махфий кириш-чиқиш йўлаги, ободонлаштирилмаган жойлар ва юқори кучланишли трансформатор атрофидаги хавфсизлик чораларининг етишмаслигига алоҳида эътибор қаратган. Таъкидланишича, видеодаги "бузиб ташла" жумласи айнан шу ноқонуний кириш йўлаги ҳақида айтилган.

Вилоят ҳокимлиги бу баёнот ижтимоий тармоқларда "ҳоким хусусий боғчаларни бузишга топшириқ беряпти" деган талқин билан нотўғри тушунилганини, бу эса ҳақиқатга зид эканини билдирди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида бу каби ҳолатларни ўрганиш ва зудлик билан бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳри ҳокимининг тегишли ўринбосарига "ҳайфсан" интизомий чораси қўлланилган, ноқонуний йўлак бартараф этилган. 2-сонли боғчада олиб борилган ўрганиш жараёни тасвирга олиниб, мутасаддиларга юборилган ва шу тарзда ижтимоий тармоқларга тарқалган.


© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid