platina.uz
Мақола

Руҳият қирралари: режаларни бошқаларга айтмаслик керакми?

Кўпчилик мана шу масалада жуда қийналади. Режасини ошкор қилса, амалга ошмаслигига ишонувчилар борлиги қанчалик рост бўлса, ҳаммадан сир тутганларнинг сирли тақдири ҳам шунчалик ҳақиқатдир.

Руҳият қирралари: режаларни бошқаларга айтмаслик керакми?

Маълумки ҳаммамиз орзу қиламиз, режалар тузамиз. Бироқ бу режаларни ичда сақлаш керакми ёки бошқаларга маълум қилишми? Агар ушбу сўровни исталган қидирув тизимига киритсангиз, деярли барча мақолалар сизни ўз режаларингизни бошқаларга айтмасликка чақиришини кўрасиз.

Бир томондан, бу фикрнинг бир ёқлама талқини ҳайрат уйғотмасдан қолмайди. Иккинчи томондан, бундай мақолалар одатда аёллар форумлари ёки “мажозий сеҳрли дунё” сайтларида чоп этилади; психологик тадқиқотларга таянувчи қисм эса “тадқиқотларда исботланган”, “психология кашфиёти” каби умумий иборалардан иборат бўлиб, аниқ манбага асосланмаган. Илмий ва ишончли манбалар эса жуда тор мавзуларни қамраб олади.

Нега бундай қараш шаклланган?

Кўпчилик ўртасида оммалашган фикр шундайки: агар сиз режаларингизни бировга айтсангиз, ишингиз барбод бўлар эмиш. Аслида бу оддий хурофот. Айтайлик, режаларни бошқаларга айтиб маслаҳат ҳам олиш, режаларга тузатишлар киритиш мумкин-ку?

Аммо бу каби ишончнинг руҳий асоси бор – “созламалар” деб аталувчи психологик ҳолат ҳисобланади.

Созламалар – бу шахснинг онгсиз психологик ҳолати бўлиб, у олдинги тажрибага ва маълум фаолиятга бўлган мойилликка асосланган ҳолда инсоннинг хатти-ҳаракатларини олдиндан белгилаб қўяди. Одатда, у шахсни бирор ҳаракатга тайёр ҳолатда сақлайди.

Яъни агар сиз бир ҳаракат бошқа ҳаракатни келтириб чиқаради, деб ишонсангиз, онгсиз равишда айнан шу натижани амалга ошириш учун ҳаракат қила бошлайсиз. Агар бундай боғлиқлик ҳақидаги билим тажрибангизга асосланган бўлса, у ҳолда шунга ўхшаш вазиятда сизнинг хато қилиш хавотирингиз ортиши мумкин. Хавотирли ҳолат эса инсон самарадорлигини туширади – унинг қуввати ишга эмас, балки ташвишларга сарфланади. Натижада диққатни жамлаш қийинлашади, хатолар сони ортиши мумкин, ўз-ўзини танқид қилиш кучаяди ва инсон фаолиятдан бутунлай воз кечиши эҳтимоли ҳам бор.

Хуллас, агар сиз режаларингизни айтганингиз учун эмас, балки бу ҳаракатни қандай ишонтириш билан амалга оширганингиз сабабли муваффақиятсизлик содир бўлиши мумкин.

Шахсий “Мен” образининг ўзгариши

Психика реаллик ва орзулар ўртасини ажратишда қийинчиликка дуч келади, дейишади. Яъни, инсон мияси тасаввур ва реаллик ўртасидаги фарқни деярли сезмайди. Масалан, гипнозчи бирор кишига “қўлинг куя бошлади”, деб ишонтирса, у худди куйгандек азоб чекиши, ҳатто унинг терисида ростан қизариш ёки пуфаклар ҳосил бўлиши мумкин.

Ёки “мен бахтлиман, бу дунё гўзал” деб ўзини ишонтирган одамнинг мияси ростан ҳам бахтли эканига ишонади ва шунга мос гормонлар ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади.

Шунинг учун инсон ҳали ҳаракат бошламасдан туриб, уни ҳаммага айтса ва муҳокама қилса, мия бу мақсадни гўё амалга оширилгандек қабул қилади. Аммо реал ҳаётда бундай мақсадлар бажарилмагани муаммоси пайдо бўлади ва бу ички зиддиятга олиб келади. Натижада инсон воқелик билан ўзини уйғунлаштиришга ҳаракат қилади.

Аммо савол туғилади: реал “Мен” образи чиндан ўзгарадими? Масалан, болалигида малика бўлишни орзу қилган қизлар улғайгач, ўзларини малика деб ҳисоблашмайди-ку – улар реалликни тўғри қабул қилишади. Унга етишиш учун реал мезонларни ташқи кўриниш, маданият, таълим ва ҳоказоларни танлашади.

Дофамин гормони ажралиши

Режаларни айтиш орқали инсон мақтов эшитади, бу эса дофамин ажралишига олиб келади. Бу қониқиш ҳисси инсонни ҳаракатсиз қолдириши мумкин, дейишади. Яъни сизда уйсизларга овқат бериш режаси пайдо бўлса, бу режани кимгадир айтсангиз, у қилмасингиздан туриб сизни мақтайди. Сиз хурсанд бўласиз. Гормон ажралади. Бўлди, тамом. Энди танангиз ҳаракат қилиш учун мотивациясини йўқотади. Аммо бу эффект тезда йўқолади: инсон энди натижа кўрсатишга мажбур бўлади, унга саволлар беришади, натижаларни кутишади. Шунда мотивация фақат сўзлар билан чекланмасдан, ҳаракатга айланиши мумкин.

Ёки сиз режангизни айтсангиз, баъзилар кулиши ёки уни нотўғри деб, сизни йўлдан қайтариши мумкин. Бу ҳолат ҳам мотивацияни йўқ қилади. Бироқ инсонда ирода кучли бўлса, атрофдагиларнинг фикрига танқидий қарашнинг уддасидан чиқса, бу салбий эффект ҳам юз бермайди.

Мақтанчоқ ёки ёлғончи бўлиб кўриниш эҳтимоли

Тинимсиз ғоя ва режаларини бошқаларга айтиб юрадиган одам, агар уларни амалга оширмаса, ҳеч ким унга ишонмай қўяди. Жиддий қабул қилмай қўяди.

Ёки бўлмаса, “оилавий Туркияга дам олишга кетяпмиз”, деб ҳаммага айтдингиз. Бироқ нимадир сабаб бўлиб, сафар қолдирилади. Бундай ҳолатлар ҳам одам обрўсига путур етказиши мумкин. Бироқ бунда ўзингизни айбламанг. Ҳаётда ҳеч кимнинг ҳамма режаси 100 фоиз рўёбга чиқмаган.

Энергия исрофи

Режаларни бошқаларга айтиш энергияни зое қилади, дейишади. Аммо бу ҳам шарт эмас. Масалан, Гейл Мэтюзнинг тадқиқотига кўра, мақсадни ёзиб қўйиш, босқичларга бўлиш ва улар ҳақида танишларга “ҳисоб” бериш – муваффақият имкониятини 33% га оширар экан. Яъни ижро интизоми юзасидан ўзига хос назорат ҳайъати яратасиз. Мулоқот жараёнида инсон фикрлашни чуқурлаштиради, конструктив танқидни эшитади, янги ғоялар ва инсайдлар пайдо бўлади.

Якунланганлик ҳисси

Айтиш билан гўё иш тугагандай бўлиб қолади, дейишади. Лекин мақсад фақат йўналиш берадиган белгидир. Унинг атрофида вазифалар шаклланади ва у доимий равишда ўзгариб бораверади. Формалашмаган мақсад якунланганлик ҳиссини бера олмайди.

Ҳасад эҳтимоли

Агар режаларингизни бегоналарга айтсангиз, унга ҳасад қиладиганлар, ҳатто тўсқинлик қилишга уринадиганлар пайдо бўлади, дейишади. Лекин реал ҳаётда кўпчилик фақат ўз ҳаёти ҳақида қайғуриши аниқ. Ишонинг, сизнинг ҳеч кимга қизиғингиз йўқ! Ҳамма ўз муаммолари билан овора. Сиз эса режангизни... майли, ҳаммага айтманг, фақат ишончли, қизиқиш билдираётган, режангиз амалга ошиш эҳтимолини кўпайтириш учун маслаҳат ёки ёрдам бера олиши мумкин бўлган инсонлар билан бўлишинг.

Қўрқувларнинг олдини олиш

Ёки бундай вазият бўлиши мумкин. Кимдир: “Агар режамни ҳеч кимга айтмасам, мабодо уни бажара олмасам ҳам, ҳеч ким билмай қолади. Кулиб, таъна қилмайди”, деб ўйлаши мумкин.

Аммо ҳар қандай инсоннинг режаси ўзгариши ёки биринчи уринишда амалга ошмаслиги табиий. Бу ишончсизлик эмас, балки реалликни ҳис қилиш ва реал мақсадлар қўйиш қобилияти дейилади.

Натижа ваъдадан устунми?

Баъзилар “кўп гапирма, иш кўрсат” деган шиорни танлайди. Бу – фақат шахсий танлов. Лекин фикр юритиш, муҳокама этиш, қайта-қайта сўзлаб, кейин ҳаракат қилиш – бу ҳам профессионал ёндашувнинг бир қисми ҳисобланади.

Хулоса

Агар сиз режаларингизни бошқаларга айтсангиз, бу сизга қўшимча имкониятлар – қўллаб-қувватлаш, танқид, мотивация, ҳамкорлик олиб келиши мумкин. Албатта, сиз сўзлашадиган одамни яхши танлашингиз ва унинг муносабатини тўғри қабул қилишингиз керак.

Энг яхши йўл – буни ўзингизда кичик мақсадларда синаб кўришдир. Ҳақиқатан ҳам, бу усул сиз учун самаралими ёки йўқ, фақат шундай йўл билан билиб олиш мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

Тавсия этамиз

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid