Туркияда кучли зилзила: қурбон ва жабрланганлар бор
Мамлакат жануби-ғарбий соҳилларида содир бўлган зилзила оқибатида 14 ёшли қиз қўрқувдан вафот этган.

Туркиянинг Эгей денгизи соҳиллари қисмида, Муғла шаҳрида зилзила юз берди.
Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая мамлакат жануби-ғарбий соҳилларида содир бўлган зилзила оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва 69 киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилди.
Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғида ёзган.
"Зилзила натижасида 14 ёшли бола қўрқув оқибатида вафот этди", деб таъкидлади Ерликая.
Вазирнинг сўзларига кўра, ваҳима ва баландликдан сакраш натижасида 69 киши жабрланган, улардан 46 нафари шифохонага етказилган. Али Ерликая шаҳарда ҳеч қандай зарар йўқлигини таъкидлади.
Муғладаги зилзила 5,8 магнитудада баҳоланмоқда. Бу ҳақда Туркия табиий офатларни бошқариш бошқармаси (AFAD) маълум қилди.
Маҳаллий вақт билан 02:17 да қайд этилган зилзила эпицентри Мармарадан 10,43 км узоқликда, 67,91 км чуқурликда жойлашган. Зилзила биринчи навбатда Муғла ва унга яқин вилоятларда сезилди.