Навоийда бюджетдан жами 14 млрд сўм маблағ ажратилмоқда
Фавқулодда ҳолатлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатлар учун 5 млрд 310 млн сўм берилади.

Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши қарори билан бюджетдан 14 млрд сўм ажратилади. Қарор 2025 йил 3 июн куни эълон қилинди.
Маблағ президент ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор ва фармойишларда белгиланган тадбирларни ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади.
Шунингдек, ҳудудларда йўл инфраструктурасини ривожлантириш, сув ва оқава сув таъминотини яхшилаш, буджет ташкилотларига етказилган товарлар ва кўрсатилган хизматлардан (қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан бирга) юзага келган кредитор қарздорликларни қоплаш бундан ташқари, буджет ташкилотлари, бюджетдан маблағ олувчи ташкилот ва муассасаларнинг мурожаатларидаги тадбирларни маблағ билан таъминлаш мақсадида берилади.
Маблағ вилоят маҳаллий бюджетининг 2025 йил I чорак даромадларни режадан орттирилиб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилади.
Иловага кўра, вилоят ҳокимлигига 1 млрд 259 млн сўм, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни компенсация қилиш учун эса 1,5 млрд сўм берилади.
71 та мактабда чақириққача ёшларни тайёрлаш хоналарини жиҳозлашга 956 млн сўм, Нурота туманидаги оилавий шифохоналарни таъмирлаш учун 1 млрд сўм берилади. Қизилтепадаги мактабларнинг моддий-техник базасини кучайтириш учун 1,4 млрд сўм берилади.