БАА аэропортларида ушлаб қолинаётган ўзбекистонликлар: ТИВ изоҳ билан чиқди
Мамлакатда турли халқаро тадбирлар муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилгани маълум қилинган.

ТИВ БААдаги аэропортларда ушланиб қолаётган ўзбекистонликлар бўйича маълумот берди.
Айтилишича, БААдаги турли аэропортлар орқали мамлакат ҳудудига кириб келаётган хорижликларнинг, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларининг текширувлари чўзилиб кетаётган ҳолатларни алоҳида мониторинг қилиб борилмоқда.
Айни пайтда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
"Мамлакатимизнинг Абу-Даби шаҳридаги элчихонаси ҳамда Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси БААнинг тегишли ташкилотлари билан ушбу масалада зудлик билан музокаралар ўтказди ва вазиятни яхшилаш бўйича доимий алоқада бўлиб турмоқда.
БАА томони маълумотларига кўра, мамлакатда турли халқаро тадбирлар муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилгани сабабли аэропортларда текширув вақтлари чўзилиб кетмоқда", дейилади хабарда.
Ҳозирда фуқароларимизни тезлик билан текширувдан ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган ва натижада улар мамлакат ҳудудига кириб келишни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, 5 июн куни Абу-Дабида БАА-Ўзбекистон ўйини бўлиб ўтади.