Хуфиёна иқтисодиёт: сабаблар ва оқибатлар
Қонунлар мавжуд бўлса-да, уларнинг амалга оширилишидаги бўшлиқлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги заифликлар яширин иқтисодиётга йўл очади.

Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши билан бир қаторда унинг яширин томонлари ҳам кучайиб бормоқда. Бу – иқтисодий фаолиятнинг расмий ҳисобга олинмайдиган қисми бўлган хуфиёна иқтисодиёт феномени. Унга пора олиш-бериш, солиқ тўлашдан қочиш, лицензиясиз фаолият, норасмий меҳнат ва ноқонуний савдо каби турли фаолиятлар киради.
Хуфиёна иқтисодиётнинг кўлами Африка ва Осиё мамлакатларида жуда даҳшатли. Масалан, Африка мамлакатларида хуфиёна иқтисодиёт ЯИМнинг 50-60 фоизгача етади. Айтайлик, Нигерияда кўпчилик аҳоли норасмий секторда ишлайди. Ҳиндистонда эса хуфиёна иқтисодиёт ҳажми 20-25% атрофида бўлиб, бу мамлакатнинг иқтисодий ўсишига тўсиқ бўлиб қолмоқда. Гана ва Танзанияда ҳам бу кўрсаткич 45-55% атрофида.
Хуфиёна иқтисодиётнинг асосий сабаблари, унинг турли мамлакатлар иқтисодиётига таъсири ва уни чеклаш чоралари доимо долзарб бўлиб қоляпти.
Хуфиёна иқтисодиётнинг асосий сабаблари
1. Солиқ юки ва давлат бошқаруви заифлиги
Кўп ҳолларда корхоналар ва шахслар хуфиёна фаолиятга ўтиб кетишининг сабаби – юқори солиқ юки ва давлат аппаратининг заифлиги ҳисобланади. Агар бизнес расмий фаолият юритишда фойдадан кўра кўпроқ харажатга учраса, у муаммони “ҳал қилиш” учун норасмий усулларга мурожаат қилади. Солиқларнинг адолатсиз тақсимоти ва маъмурий тўсиқлар ҳам бу жараённи кучайтиради.
Aгар солиқ юки юқори бўлса ва давлат бошқаруви самарали бўлмаса, тадбиркорлар ва фуқаролар яширин иқтисодиётга ўтишга мойилдир.
Мисол учун, Ўзбекистонда 2024 йилда хуфиёна иқтисодиётнинг умумий ҳажми 505,7 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, бу эса ялпи ички маҳсулотнинг 34 фоизига тенг.
2. Коррупция ва шаффофлик етишмаслиги
Коррупция даражаси юқори бўлган давлатларда бизнес ва фуқаролар расмий институтларга ишонмайди. Бу эса уларни хуфиёна иқтисодиётга тортувчи омилга айланади. Шаффофлик ва ҳисобдорликнинг етишмаслиги институционал заифликни янада чуқурлаштиради.
Масалан, Нигерияда коррупция даражаси юқори бўлиб, бу мамлакатда хуфиёна иқтисодиётнинг кенгайишига сабаб бўлмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Нигерияда хуфиёна иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотнинг 57,4% ини ташкил этади.
3. Меҳнат бозорида расмий иш ўринларининг етишмаслиги
Аҳолиси тез ўсиб бораётган мамлакатларда иш ўринларининг етишмаслиги сабабли одамлар норасмий иш фаолиятига мажбур бўлади. Масалан, кўплаб ривожланаётган давлатларда ишчилар уй хизматлари, қурилиш, чакана савдо ва транспорт соҳаларида ҳеч қандай шартнома ва ижтимоий кафолатларсиз ишлашга мажбур.
Мисол келтирадиган бўлсак, Ҳиндистонда меҳнат бозорида расмий иш ўринларининг етишмаслиги сабабли кўплаб фуқаролар норасмий секторда ишлашга мажбур бўлмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистонда хуфиёна иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотнинг 20-25 фоизини ташкил этади.
2024 йил маълумотларига кўра, Ҳиндистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 70 фоиздан ортиғи норасмий секторда ишлайди. Бу мамлакатда ЯИМнинг 23 фоизга яқинини норасмий иқтисодиёт ташкил этади.
4. Қонунчилик базасининг камчилиги
Хуфиёна иқтисодиёт ривожланишига таъсир қилувчи яна бир омил – қонунларнинг аниқ эмаслиги ёки уларнинг самарасиз ижросидир. Қонунлар мавжуд бўлса-да, уларнинг амалга оширилишидаги бўшлиқлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги заифликлар яширин иқтисодиётга йўл очади.
Хуфиёна иқтисодиётнинг оқибатлари
1. Солиқ тушумларининг камайиши
Давлат бюджетининг асосий манбалари солиқлар экан, хуфиёна иқтисодиёт улуши ортиши билан расмий даромадлар қисқаради. Бу эса ижтимоий харажатлар – таълим, соғлиқни сақлаш, пенсия ва инфратузилма каби соҳаларни молиялаштиришни қийинлаштиради.
2. Норасмий меҳнат ва ижтимоий ҳимоясизлик
Хуфиёна ишчилар ижтимоий ҳимоя тизимидан – пенсия, суғурта, меҳнат ҳуқуқларидан маҳрум бўлади. Бу эса келажакда аҳолида камбағаллик ва ижтимоий ноустуворлик хавфини кучайтиради.
3. Рақобатнинг бузилиши ва инвестиция хавфи
Норасмий бизнес қонуний талабларга риоя этмасдан иш юритгани учун уларга нисбатан расмий корхоналар камроқ рақобатбардош бўлади. Бу эса инвестиция муҳитини ёмонлаштиради ва янги инвестицияларни жалб қилишни қийинлаштиради.
4. Макроиқтисодий нотенглик
Хуфиёна иқтисодиёт ишсизлик ва ЯИМ (ялпи ички махсулот), ишсизлик даражаси ва бошқа макроиқтисодий кўрсаткичларнинг нотўғри баҳоланишига олиб келади. Бу эса нотўғри сиёсий қарорларга ва иқтисодий режалаштиришда хатога сабаб бўлади.
Айтайлик, Мисрда сўнгги йилларда норасмий меҳнат 60% атрофида бўлиб, бу ишсизлик кўрсаткичларини паст кўрсатмоқда. Aммо реал аҳволда миллионлаб одамлар расмий иш жойига эга эмас, бу эса иқтисодий сиёсатни нотўғри йўналишга бошламоқда.
Қолаверса, Жаҳон банки маълумотларига кўра, юқори норасмийлик даражасига эга мамлакатларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ўртача 15-20% паст бўлади.
Бразилияда 2024 йилда кичик ва ўрта бизнеснинг 40 фоиздан ортиғи норасмий фаолият юритмоқда. Натижада хорижий инвестициялар ҳажми 8 фоизга камайди, чунки бизнес муҳитининг ноаниқлиги инвесторлар ишончини пасайтирди.
2024 йилги халқаро таҳлилга кўра, норасмий сектор юқори бўлган мамлакатларда реал ишсизлик даражаси расмий статистикадан 1,5-2 баравар юқори бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ҳукумати рақамли назорат тизимлари (Е-НДС, Солиқ назорати камералар тизими) орқали бу кўрсаткични 2025 йилда 30 фоиздан пастга туширишни режалаштирмоқда.
Ечим ва тавсиялар
1. Солиқ ислоҳотлари ва рағбатлантириш
Солиқ юкини адолатли ва шаффоф шаклда қайта тақсимлаш, кичик ва ўрта бизнесни рағбатлантириш орқали расмий иқтисодиётга ўтишни осонлаштириш мумкин.
Масалан, Ўзбекистонда 2024 йилда солиқ юки ва давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, солиқ маъмуриятини рақамлаштириш ва солиқ тўловчиларни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ўзбекистонда QR-сканерлар орқали чекларни аниқлаш, Е-НДС тизими орқали товар айланмасини кузатиш, 2024 йилда норасмий айланмани 4,5 фоизга камайтирди.
Шу билан бирга, адолатли солиқ тизими фуқаролар ва бизнесни кўпроқ расмий фаолиятга ундайди. Солиқ имтиёзлари, патент асосидаги солиқ режимлари кичик бизнесни норасмийликдан чиқаришда муҳим восита бўлиши мумкин.
Масалан, Грузияда 2008 йилдан бошлаб жорий этилган енгил солиқ тизими сўнгги йилларда хуфиёна иқтисодиёт ҳажмини 66 фоиздан 35 фоизгача қисқартирди.
2. Қонуний институтларни кучайтириш
Суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва лицензиялаш жараёнлари ислоҳ қилиниши керак. Фуқаролар ва бизнес субъектлари қонунлар ишлашини ҳис этиши лозим.
Судлар, солиқ органлари ва бошқа назорат институтлари кучли бўлса, яширин иқтисодий фаолиятни чеклаш осонлашади. Бу фуқаролар орасида қонунларга ишончни кучайтиради.
Мисол учун, Эстонияда электрон суд тизими ва рақамли рухсатномалар сўнгги ўн йилликда яширин иқтисодиётнинг сезиларли қисқаришига олиб келди.
3. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш
Тўлов тизимларининг рақамлашуви, онлайн назорат механизмлари ва блокчейн технологиялари орқали яширин иқтисодий фаолиятни аниқлаш осонлашади.
Рақамли тўловлар, онлайн савдо ва электрон назорат тизимлари ёрдамида иқтисодий фаолиятни аниқлаш ва солиқ базасини кенгайтириш мумкин.
4. Меҳнат бозорини расмийлаштириш
Ишчиларни расмий рўйхатдан ўтказиш ва меҳнат шартномаларини мажбурийлаштириш орқали уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва норасмийликни камайтириш мумкин.
Меҳнат шартномаларининг мажбурийлиги, иш берувчилар учун рағбатлар ва бандлик марказларининг ислоҳоти ёрдамида фуқаролар норасмий бандликдан чиқиб кетишига ёрдам берилади.
Польша мисолида кўрадиган бўлсак, бу мамлакатда 2010 йилдан бошлаб меҳнат шартномаси орқали солиққа тортиш имтиёзлари берилиши натижасида норасмий меҳнат 15 йил ичида 25 фоиздан 12 фоизгача тушди.
Хулоса
Хуфиёна иқтисодиёт – бу мураккаб, кўп қатламли муаммо бўлиб, унинг илдизлари иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий омилларга бориб тақалади. Унинг оқибатлари нафақат иқтисодий ўсишга, балки ижтимоий барқарорликка ҳам жиддий таъсир қилади. Шунинг учун давлатлар самарали сиёсат, ислоҳотлар ва глобал ҳамкорлик орқали хуфиёна иқтисодиётни расмий иқтисодиётга жалб этишга ҳаракат қилиши лозим.
Абулфайз Сайидасқаров