platina.uz
Жаҳон

Трамп маъмурияти талабаларга виза беришни қийинлаштирмоқда

АҚШнинг барча элчихоналари ва консулликларига визалар учун янги ўринларни очмаслик топшириғи берилган. 

Трамп маъмурияти талабаларга виза беришни қийинлаштирмоқда

Доналд Трамп маъмурияти АҚШда ўқишни режалаштираётган халқаро талабалар учун янги виза суҳбатларини режалаштиришни тўхтатди, дея хабар бермоқда Politico.

Нашр Давлат департаменти котиби Марко Рубио томонидан имзоланган ички телеграммага асосланиб ёзмоқда.

Ҳужжатга кўра, АҚШнинг барча элчихоналари ва консулликларига янги кўрсатмалар чиқмагунча, F, М ва J визалари учун янги ўринларни очмаслик топширилган. Бу ишларни кўриб чиқишни кечиктириши ва университетлар ишига, шу жумладан молиявий таъсир кўрсатиши мумкин: халқаро талабалар уларнинг даромадларининг муҳим қисмини ташкил қилади.

Politioc таъкидлаганидек, қарор ижтимоий тармоқларни текширишни кенгайтиришга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ - энди барча мурожаат этувчилардан ижтимоий тармоқларни текширишлари сўралади. Бундай текширувлар аввал ҳам ўтказилган, лекин чекланган тарзда – асосан Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига қарши намойишларда қатнашган талабалар учун.

Мутахассисларнинг фикрича, бу ташаббус виза олиш жараёнини кескин секинлаштириши, кузги қабул жараёнини хавф остига қўйиши ва Америка университетларига, айниқса, молиявий жиҳатдан халқаро талабаларга қарам бўлган университетларга зарба бериши мумкин. Бундан ташқари, кўплаб амалдорлар узоқ вақтдан бери текшириш мезонлари ноаниқ эканлигидан шикоят қилмоқдалар. Қайси ёзувлар ёки ҳаракатлар рад этишга сабаб бўлиши ҳозирча номаълум.

Элчихоналарга юборилган хабарда аллақачон режалаштирилган суҳбатлар бекор қилинмаслиги, бироқ янги ўринларни очиш тақиқлангани айтилган. Давлат департаменти вакилининг айтишича, департамент “хавфсизлик масаласига жиддий ёндашади” ва аризачиларни текшириш учун “барча мавжуд воситалар”дан фойдаланишда давом этади.

NAFSA Халқаро Таълим Ассоциацияси маъмуриятнинг ҳаракатини қоралади. Бўлим бошлиғининг сўзларига кўра, “халқаро талабалар таҳдид эмас – аксинча, улар Қўшма Штатлар учун улкан бойликдир”.

Янги тартиб учун тайёргарлик Оқ уй томонидан Америка университетларига қарши кенг кўламли кампанияга тўғри келди. Оқ уйга қайтгандан сўнг, Трамп университетларда антисемитизмга қарши кураш бўйича фармонни имзолади. Гарвард ва бошқа университетлар бошқарув тизимини, қабул қилиш ва ишга олиш қоидаларини ўзгартириши ҳамда халқаро талабалар ҳақидаги маълумотларни топшириши талаб қилинган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid