platina.uz
Жамият

Сув таъминоти тизимини рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб этилди

Бу лойиҳа доирасида беш йилда йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга 4 минг 800 та “ақлли” ҳисоблагич ва қарийб 3 мингта телеметрия тизими ўрнатилади.

Сув таъминоти тизимини рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан  125 миллион доллар жалб этилди
Фото: Президент матбуот хизмати.

Давлатимиз раҳбарига ичимлик суви ва оқова тармоқларини кенгайтириш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берилди.

Аҳолининг турмуш сифати ва саломатлигида ғоят муҳим бўлган бу йўналиш изчил кенгайтириб борилмоқда. Ижтимоий ва ҳудудий дастурлар доирасида кўплаб иншоотлар барпо этилмоқда. Ҳозирга келиб, аҳоли мавзеларининг 81 фоизи ичимлик суви, 20 фоизи оқова тизими билан таъминланган.

Бу йил 1 минг 619 километр ичимлик суви, 521 километр оқова сув тармоқларини тортиш, 162 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Буларнинг натижасида 715 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етиб боради, яна 400 минг нафари оқова хизмати билан қамраб олинади.

Мутасаддилар шу борадаги ишларнинг бажарилиши бўйича ахборот берди.

Халқаро молия институтлари иштирокида 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу йил 800 миллион долларлик ишларни бажариб, 138 та сув иншоотини ишга тушириш режалаштирилган.

Осиё тараққиёт банки ва Германия таррақиёт банки билан лойиҳа олди молиялаштириш бўйича яхши тажриба йўлга қўйилди. Бунда пудратчи ва лойиҳачи олдиндан танлангани учун амалий ишлар бошланиши тезлашди. Келгусида барча лойиҳаларда шу тартибни қўллаш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Сув таъминоти тизимини рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб қилинган. Бу лойиҳа доирасида беш йилда йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга 4 минг 800 та “ақлли” ҳисоблагич ва қарийб 3 мингта телеметрия тизими ўрнатилади.

Соҳада халқаро ҳамкорлик ва хусусий шериклик ривожланиб бораётганидан келиб чиқиб, ушбу талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid