"Султон Сулаймон" қамоқ жазосига ҳукм этилди
Актёр Халит Эргенч ёлғон кўрсатма берганликда айбланган.

Туркиялик актёр Халит Эргенч қамоқ жазосига ҳукм этилди.
Истанбул суди “Муҳташам юз йил” сериалидаги Султон Сулаймон роли билан танилган актёр Халит Эргенчни ёлғон кўрсатма бергани учун 1 йил 10 ойга озодликдан маҳрум қилди, деб ёзади Anadolu.
Тергов маълумотларига кўра, Эргенч ва актёр Риза Кожаўғли 2013 йилдаги Гези боғи намойишлари ишида гувоҳ сифатида сўроқ пайтида, нашрда "қочқин айбланувчи" деб аталган актёр ва фаол Меҳмет Али Алабора билан таниш эканликларини рад этган. Бироқ, прокуратура Эргенч ва Алабора ўртасидаги алоқаларнинг тасдиқланишини аниқлади, "айниқса, Гези боғидаги воқеалар пайтида фаол алоқа кузатилган".
Суд Эргенчни 1 йил 10 ой 15 кун, Кожаўғлини эса 1 йил 8 ой қамоқ жазосига маҳкум этди. Суд жараёнида судланувчиларнинг обрў-эътибори туфайли жазо муддати қисқартирилди.
Иккала актёр ҳам ҳукм устидан шикоят қилишлари мумкин.