platina.uz
Иқтисод

Трампнинг иқтисодий ислоҳотлари – “Трампономика”

Бу сиёсат тартибсизлик ва ноаниқликни таъминлаяпти. Айни пайтда эътибор асосан қисқа муддатли истиқболга қаратилган. Aммо айрим қарорларнинг узоқ муддатли оқибатлари эҳтимол янада жиддийроқ бўлади ва бу ҳолатни тўлиқ тузатиш эҳтимоли жуда паст.

Трампнинг иқтисодий ислоҳотлари – “Трампономика”
Фотоколлаж: Platina.uz

Доналд Трампнинг иқтисодий сиёсати АҚШда ва халқаро майдонда катта қизиқиш уйғотди. Унинг ислоҳотлари асосан солиқларни камайтириш, савдо сиёсатида протекционизмни кучайтириш ва ишлаб чиқаришни ички бозорга қайтаришга қаратилган. Одатда катта ўзгаришларга сабаб бўлган ислоҳотларга унинг муаллифи ва ташаббускори бўлмиш президент номи берилади. Масалан, “Рейганомика” ёки “Никсаномика” каби. Айрим манбаларда айни пайтда Трамп ўтказаётган ислоҳотлар аллақачон “Трампономика” деб аталмоқда.

Солиқ ва молия соҳасидаги ислоҳотлар

Трамп маъмурияти томонидан қабул қилинган солиқ ислоҳотлари бизнес учун фойдали бўлди. Корпоратив солиқ ставкаси 35% дан 21% га туширилди, бу эса компанияларга инвестицияларни ошириш имконини берди. Бироқ бу ислоҳот давлат бюджетига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки солиқ тушумлари камаяди.

AҚШ иқтисодиёти ва молия тизимининг узоқ муддатли барқарорлиги ҳам хавф остида қолмоқда, чунки Трамп маъмурияти уларнинг институтиявий асосларини заифлаштирмоқда. Бу капитал ҳаракати ҳисобининг очиқлиги, нарх ва бюджет барқарорлиги, шунингдек, сиёсий босимга дучор бўлмайдиган Федерал захира тизими ва адолатли қонуний тизимга содиқликни ўз ичига олади. Aгар бундай тенденциялар давом этса, хорижий инвестициялар оқимлари AҚШни четлаб ўтиши мумкин, бу эса Трамп эълон қилган мақсадларга тўғридан-тўғри зид келади.

AҚШ илмий-техник кадрларининг бошқа мамлакатларга кўчиб кетиш хавфи ҳам мавжуд. Трамп маъмурияти университетларни "чапга бурилган" деб айблаб, илм-фан ва техника соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни молиялаштиришни бекор қилмоқда. Яқинда эса Трамп Ҳарвард университетига хорижлик талабаларни қабул қилишни тақиқлади. Чунки бу университет талабалари Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан ўтказаётган геноцидига қарши норозилик намойишлари уюштиришган. Бундай муносабат Америка илм-фанининг асосий ютуғи – хорижлик ақл эгаларини жалб қилиб, АҚШ тараққиёти йўлида фойдаланиш тамойилига зид келади. Лекин кейинчалик суд Трампнинг бу фармонини блоклади.

Айрим фактларга қараганда, Европа ва Осиёга резюме юбораётган олимлар сони ортмоқда. Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляен бу олимларга Европани ўз уйи сифтида танлашларини таклиф қилган.

Савдо сиёсати ва бож тарифлари

Трампнинг савдо сиёсати протекционизмга асосланган бўлиб, у импорт товарларига юқори божлар жорий этди. Бу АҚШдаги ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилган бўлса-да, халқаро савдо муносабатларига салбий таъсир кўрсатди.

Апрел ойи бошида Трампнинг “Озодлик куни”да бутун дунё давлатларига нисбатан янги бож тарифларини жорий этиши ёз чилласида ёққан қордек бўлди. Уларнинг аксарияти деярли дарҳол тўхтатилди, чунки капитал бозорларида (айниқса, AҚШ облигациялари бозорида) тартибсизлик бошланди. Ҳозирда Трамп бу тарифларни ўзгартириш имкониятини турли давлатлар билан музокараларда фойдаланмоқда. Айрим тарифлар ўзгармоқда, айримлари эса эски савдо ҳамкорлари билан янги келишувларга алмаштирилмоқда.

Қисқа муддатли истиқбол

Трамп сиёсатининг AҚШ ва глобал иқтисодиётга қисқа муддатли истиқболдаги оқибатлари аллақачон муқаррар. Баъзи AҚШ минтақалари, айниқса, Осиё мамлакатларидан импорт товарларида танқисликни бошдан кечиради. Aгар кенгроқ айтсак, умумий талаб эҳтимолий равишда пасаяди, чунки деярли барча иқтисодий иштирокчилар, шу жумладан, компаниялар, инвесторлар ва хонадонлар инвестиция ва истеъмол масалаларида кутиш позициясини эгаллашган. Хитой ва AҚШ ўртасидаги аввал 90 кунлик тарифларни тўхтатиш бўйича келишув, кйинчалик 145 фоизлик тариф, кейин яна бошқа келишувлар... – буларнинг барчаси умид беради, аммо ноаниқликни тўлиқ бартараф этмайди.

Трамп киритган тарифлар AҚШга дарҳол фалокат хавфини туғдирмайди. AҚШ иқтисодиёти ташқи савдога унчалик боғлиқ эмас: хизматлар секторини ҳисобга олганда, импорт ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг фақат 14 фоизини ташкил этади, экспорт эса 11 фоиздан ошади. Бундан ташқари, Трамп маъмуриятининг дерегулация дастури (агар у самарали амалга оширилса) иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ёрдам беради, ички инвестицияларни кенг тармоқлар ва инфратузилма соҳаларига йўналтиради.

Дунё ҳам қисқа муддатли перспективада Трамп тарифларининг энг ёмон оқибатларидан омон қилиши мумкин. AҚШнинг глобал ялпи ички маҳсулотдаги улуши 25 фоизни ташкил этади, яъни у етарлича катта бўлиб, кенг миқёсли узилишларга сабаб бўлиши эҳтимоли кам. Aммо агар бошқа мамлакатлар (улар глобал иқтисодиётнинг учдан тўрт қисмини ташкил этади) бир-бири билан эркин савдо қилишни давом эттирсалар (ва эҳтимол AҚШга қарши жавоб тарифларини жорий қилсалар), етказилган зарар сезиларли даражада камайтирилиши мумкин.

Халқаро валюта жамғармасининг баҳолари

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ушбу хавотирларни тасдиқлайди, Трампнинг тарифлари AҚШ иқтисодиётининг ўсиш суръатларига энг кучли таъсир кўрсатишини прогноз қилмоқда (-0,9%), кейин эса Канада ва Хитой (-0,6%), Япония (-0,5%) келади. ХВЖ шунингдек, Буюк Британияда 0,5 фоиз йўқотишни прогноз қилган. Европанинг йирик мамлакатлари 0,3 фоиз ёки ундан кам йўқотишларни кутишмоқда.

Узоқ муддатли оқибатлар

Aммо Трампнинг тариф сиёсатининг узоқ муддатли истиқболдаги оқибатлари, эҳтимол, жиддийроқ ва уларнинг айримларини олдиндан айтиш мумкин. Aмерика, унинг барча камчиликларига қарамай, ўн йиллар давомида савдо, молия, ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳаларида ишончли глобал ўйинчи ҳисобланган – энди эса ундай эмас. Сиёсат ва бизнес етакчилари AҚШга энди ишониб бўлмаслигини тушунишмоқда, шунинг учун улар ўзларининг барқарорлик ва хавфсизлик стратегияларини янгилашмоқда.

Европанинг жавоби

Европа Трамп маъмуриятининг ўзининг қадимий иттифоқчиларининг хавфсизлигига бефарқлигига жавобан мудофаа харажатларини кескин оширмоқда. Кўплаб мамлакатлар савдо алоқаларини диверсификация қилишга, яъни AҚШга қарамликни камайтиришга киришмоқда. Масалан, Канада AҚШ-Мексика-Канада келишуви(УСМCA)ни қайта кўриб чиқиш бўйича музокаралар олиб бормоқда (Трамп бу келишувни биринчи президентлик даврида катта ғалаба деб атаган эди, аммо энди уни ўзи ўзгартиришга интилмоқда). Шунингдек, Канада бошқа мамлакатлар билан савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтиришни ва ички савдо тўсиқларини камайтиришни режалаштирмоқда. Бундай диверсификация глобал иқтисодиётнинг тузилмасини тубдан ўзгартиради.

Ишлаб чиқаришни ички бозорга қайтариш

Трамп ишлаб чиқаришни АҚШга қайтаришни мақсад қилган. Унинг сиёсати натижасида айрим компаниялар ишлаб чиқаришни АҚШга кўчирди, аммо бу жараён қийин кечмоқда. Ишлаб чиқариш харажатлари юқори бўлгани сабабли, кўплаб компаниялар чет элда ишлаб чиқаришни давом эттирди. Масалан, айрим технологик гигантлар ишлаб чиқаришни Хитойда эмас, Ҳиндистон, Покистон, Вьетнам, Таиланд ва Бангладеш каби давлатларга кўчирмоқда.

Трамп сиёсатининг глобал бошқарувга таъсири

Трамп маъмуриятининг сиёсати узоқ муддатли оқибатларга олиб келадиган яна бир соҳа – бу глобал бошқарув тизимидир. Aлбатта, кўп томонлама ташкилотлар ва механизмлар Трамп сиёсат майдонига чиқишидан анча аввал янгиланишга муҳтож эди. Трамп эса, эҳтимол, уларни бутунлай бекор қилиб, фақат икки томонлама битимлар орқали ҳаракат қилишни хоҳларди. Бироқ ривожланган давлатлар раҳбарлари ва деярли барча ривожланаётган мамлакатлар (ҳеч бўлмаганда назарий жиҳатдан) амалий ва мослашувчан кўп томонлама ҳамкорлик шаклига содиқ қолмоқда.

Бу эса барибир янги, мураккаброқ кўп томонлама тизимни шакллантириш ишини давом эттиришни англатади – бу тизим барқарор ривожланиш, рақамли савдо, хизматлар савдоси ва иқтисодий сиёсат билан миллий хавфсизлик ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ҳисобга олади. Бироқ бу жараён AҚШнинг фаол иштирокисиз кечади. Aмерика ўрнини Европа Иттифоқи ва йирик ривожланаётган давлатлар, айниқса, Хитой эгаллайди. Осиё давлатларининг Хитой билан савдога қарамлиги инобатга олинса, глобал савдо тизимининг минтақавий блокларга парчаланишининг олдини олиш учун бундай коллектив қўллаб-қувватлаш муҳимдир.

AҚШнинг Осиё хавфсизлик тизимидаги роли

AҚШнинг Осиёдаги хавфсизлик тизимидаги муҳим роли бу жараённи мураккаблаштиради, бироқ кўп томонлама тизим эволюциясини тўхтата олмайди ва AҚШ таъсирининг камайишини ҳам. Ҳатто агар келажакда AҚШ глобал ҳамжамиятга қайтишга қарор қилса-да, бу орадаги йўқотилган ишонч ва таъсирни тўлиқ тиклаш осон бўлмайди.

Хулоса

Трамп маъмуриятининг сиёсати тартибсизлик ва ноаниқликни таъминлаяпти ҳозирча. Айни пайтда эътибор асосан қисқа муддатли истиқболга қаратилган. Aммо айрим қарорларнинг узоқ муддатли оқибатлари эҳтимол янада жиддийроқ бўлади ва бу ҳолатни тўлиқ тузатиш эҳтимоли жуда паст.

Умуман олганда, Трампнинг иқтисодий ислоҳотлари айрим соҳаларда ижобий натижалар берган бўлса-да, умумий иқтисодий самарадорлик масаласи баҳсли қолмоқда. Солиқ юкини камайтириш бизнес учун фойдали бўлди, аммо давлат бюджетига салбий таъсир кўрсатди. Савдо сиёсати эса халқаро муносабатларга таъсир қилди. Шу сабабли, Трампнинг иқтисодий ислоҳотлари АҚШ учун тўлиқ самарали бўляпти, деб айтиш қийин.

Абулфайз Сайидасқаров

Тавсия этамиз

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid