Талабаларни бирлаштирган мега-лойиҳа
Талабалар фестивали ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий, интеллектуал ва жамоавий фаоллигини рағбатлантириш ва бошқа мақсадларда ташкил этилди.

Салкам бир ой давомида Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида “Талабалар фестивали” бўлиб ўтди.
Фестивал ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий, интеллектуал ва жамоавий фаоллигини рағбатлантириш, маданий ва илмий алмашинувни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва инновацияларни оммалаштириш, шунингдек, ёшларда лидерлик ҳамда ташаббускорлик қобилиятларини ривожлантириш мақсадида ўтказилди.
Фестивал доирасида бир қатор йирик лойиҳа ва танловлар ташкил этилди. Масалан, “Талабалар фестивали”да республика бўйича жами 1,5 млн нафар мактаб битирувчилари, абитуриентлар ҳамда талабалар қамраб олинди.

“Контент72” ижтимоий видеороликлар танлови, “Жисмоний тайёргарлик синовлари”, “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи ўқув йиғини, барча ҳудудларда ва республика миқёсида “Талабалар театр студиялари” танловлари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари, “Қувноқлар ва зукколар” фестиваллари ўтказилиб, уларда жами 600 минг нафар талаба ёшлар қатнашди.
Шунингдек, талабалар учун “БМТ модели” лойиҳаси, “Ибрат” дебат турнири, “Юртим қадриятлари” танлови, талаба ва магистрантларнинг илмий-амалий конференциясида 100 мингдан ортиқ, жами 700 мингдан ортиқ талаба-ёшлар фаол иштирок этди.


Фестиваль доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Ўзмиллийбанк” АЖ, АТ “Алоқабанк”, Савдо саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида 21-23 май кунлари “Talaba Expo – 2025” кўргазмаси ташкил этилди.


Кўргазмада “Талаба – келажак” мавзусида давлат органлари раҳбарлари ва нуфузли меҳмонлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда талабалар мавжуд иш ўринлари, кредит дастурлари ва ўз бизнес ғояларини амалга ошириш имкониятлари билан таништирилди.

Бундан ташқари, 3 кун кун давомида 700 та хусусий компаниялар ва давлат идораларининг бўш иш ўринлари ва замонавий касблар кўргазмаси, бизнес лойиҳалар портфеллари бўйича маҳорат дарслари, “Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида муваффақиятли битирувчилар билан мулоқотлар ўтказилди. Бунинг натижасида 53 минг нафарга яқин битирувчи ёшлар қамраб олинди, шунингдек, 4967 нафар талаба бўш иш ўринларига йўналтирилди, 924 нафар талабанинг бизнес лойиҳалари кўриб чиқилиб, кредит ажратиладиган бўлди.
“Абитуриентлар куни” доирасида Тошкент давлат юридик университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника ва Инҳа университетлари, Тошкент давлат тиббиёт университетларининг таниқли битирувчилари ва уларнинг муваффақиятлари юзасидан ректорларнинг тақдимотлари ўтказилиб, 3000 абитуриент қамраб олинди.
Қолаверса, “Талабалар куни” доирасида 50 нафар иқтидорли стартапчи ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “TalabaStartUp Pitch” танлови, 150 нафар иқтидорли ёшлар иштирокида “ТалабаТалант” креатив шоуси, 400 нафар фаол талаба ёшлар иштирокида мотивацион учрашув ўтказилди.
“Талабалар фестивали”нинг якунида Тошкент шаҳрида 20 минг нафар, барча ҳудудларда 600 минг нафар мактаб битирувчилари, абитуриентлар ҳамда талабалар иштирокида гала-концерт дастурлари ташкил этилди.