platina.uz
Иқтисод

Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги пасайиб бормоқда

Лекин инвестициялар даромадлилиги кўчмас мулкнинг жойлашган ҳудуди ва хоналар сонига қараб бир-биридан сезиларли фарқланмоқда. 

Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги пасайиб бормоқда

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги таҳлил қилинди.

Ер ресурсларининг чекланганлиги ва аҳоли сонининг ошиб бориши шароитида кўчмас мулкrа инвестиция киритиш мулкка эгалик қилиш билан бирга, барқарор даромад олиш имконини беради. Бунда кўчмас мулкни ижарага бериш ҳамда мулк қийматининг маълум вақтдан кейин ошиши (капитал ўсиш) ҳисобига даромад олиш мумкин.

2025-йил апрел ойида Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги 6,2%гача тушди (2024-йилнинг апрелида 27,8%). Бунда, мазкур даврда ижарадан келадиган ўртача даромад 10,9%дан 8,5%гача камайган бўлса, уй-жойларнинг ўртача нархи 2,4% арзонлашди.

Лекин уй-жойга инвестициялар даромадлилиги кўчмас мулкнинг жойлашган ҳудуди ва хоналар сонига қараб бир-биридан сезиларли фарқланади:

1 хонали: Шайхонтоҳур – 25,1% (2024-йил апрель – 41,4 %), Миробод – 0,4 % (24,7 %);

2 хонали: Яккасарой – 16,2% (12,1%), Учтепа – -2,0% (27,1%);

3 хонали: Яккасарой – 16,8% (27,0%), Учтепа – 1,6% (23,6%);

4 хонали: Яккасарой – 15,6% (25,2%), Олмазор – -2,5 % (21,3%).

Уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган даромад

2024 йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳрида уй-жой харид қилиб, жорий йил апрел ойида ушбу уйни сотишига тўғри келган инвесторлар бир йил ичида уй-жойлар бозор қийматининг пасайиши сабабли уйни харид нархидан ўртача 2,4% камига реализация қилишга мажбур бўлди. Хусусан, ушбу кўрсаткич Учтепа туманида 7,4%ни, Юнусобод туманида 4,4%ни, Олмазор туманида 4,2%ни ташкил қилди. Лекин Тошкент шаҳрида нисбатан қиммат уй-жойлар жойлашган туманлардан Шайхонтоҳур ва Яккасаройда уй-жой нархи ўзгаришидан кўрилган фойда ўртача 6% ни ташкил этди.

Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад. Жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар ижарасидан олинадиган ўртача даромад пасайишда давом этди. 2024-йилнинг апрель ойида ўртача даромадлилик 10,9%ни ташкил этган бўлса, 2025-йилнинг апрель ойига келиб ушбу кўрсаткич 8,1%гача пасайди. Мазкур даврда, ушбу кўрсаткич бўйича энг юқори ўртача даромадлилик Мирободда 9,2% (2024-йил апрель ойида – 11,2%) ва Шайхонтоҳурда 8,9% (12,6 %) қайд этилди.

Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқорироқ бўлган 1 ва 2 хонали хонадонлар учун даромадлилик даражаси мос равишда 8,5% ва 6,3%гача тушди. Жорий йил январь ойида ушбу кўрсаткичлар 14,3% ва 7,5%ни ташкил этиб, 2024-йилнинг апрель ойидагига (мос равишда 30,2% ва 25,5%) нисбатан сезиларли даражада камайган эди. Шунингдек, жорий йил апрель ойида 3 ва 4 хонали хонадонлар учун даромадлилик кўрсаткичи 6,7% ва 3,3%гача камайди (2024-йил апрель ойида 24,9% ва 30,6%).

Банк депозитлари даромадлилик даражаси

2024 йилнинг апрелидан 2025 йилнинг апрел ойигача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 5,1% атрофида тебраниб турган бўлса, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 22% ни ташкил этган. Ушбу рақамлар бир томондан, уй-жойнинг инвестициявий даромадлилиги жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитларидан олинадиган ўртача даромадлиликка яқинлашаётганидан далолат берса, бошқа томондан, миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалари жозибадорлиги ошиб бораётганини кўрсатади.

Тавсия этамиз

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid