Суд Трамп маъмуриятининг Ҳарвард бўйича тақиқини бекор қилди
АҚШ ҳукумати университетга хорижлик талабалар қабул қилишни тақиқлаб қўйганди.

АҚШ федерал суди президент Доналд Трамп маъмуриятининг Ҳарвард университетига халқаро талабаларни қабул қилишни тўхтатиш бўйича қарорини тўхтатди.
22 май куни Оқ уй университетнинг алмашинув дастури аккредитациясини бекор қилди, бундан ташқари 2,6 миллиард доллар маблағни музлатиб қўйди ва келажакдаги грантларни тўхтатди.
"Ҳукумат бир қалам билан Ҳарвард талабалар жамоасининг чорак қисмини, университет ва унинг миссиясига катта ҳисса қўшаётган халқаро талабаларни ўчиришга ҳаракат қилди. Халқаро талабаларсиз Ҳарвард Ҳарвард эмас", дейилади универститет даъвосида (Accosiated Press иқтибоси).
Ҳарвард ҳар йили 6800 га яқин халқаро талабаларни Кембриж кампусига қабул қилади. Уларнинг аксарияти аспирантурада таҳсил олмоқда.
22 май куни АҚШ ички хавфсизлик департаменти Ҳарвард лицензиясини бекор қилди. Президент маъмурияти университет талабалар шаҳарчасида хавфли муҳит яратаётганини иддао қилди.
Департаментнинг қўшимча қилишича, Ҳарвард “зўравонлик, антисемитизмни рағбатлантириш ва Хитой Коммунистик партияси билан мувофиқлаштириш дастури” билан шуғулланади.