platina.uz
Жамият

Соғлиқни сақлаш тизими бўйича янги модел ташкил этилади

Туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари – 10 фоиз миқдорида оширилади.

Соғлиқни сақлаш тизими бўйича янги модел ташкил этилади

Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий этилади.

“Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-88-сон, 19.05.2025 й.) қабул қилинди.

Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

- халқаро тажрибага асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги моделини жорий қилиш;

- аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улушини 70 фоизга етказиш;

- соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда тиббиётда қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимлари иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш;

2025 йил 1 июлдан мазкур Фармонда белгиланган туман (шаҳар)ларда, 2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинади.

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари негизида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади.

тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида қуйидагилар йўлга қўйилади, жумладан:

- оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, шу жумладан, уларга филиал сифатида бириктирилган муассасалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктлари бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, юридик мақомга эга оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилади;

- оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог ва ташхислаш хизматларини кўрсатувчи мутахассислар, шунингдек, аутсорсинг асосида стоматология хизмати йўлга қўйилади;

- аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, тиббиёт бригадасига 3 минг нафар, зарур ҳолларда, белгиланган меъёрларга қўшимча аҳоли бириктирилиши мумкин. Бунда 2030 йилга қадар 1 тиббиёт бригадасига кўпи билан 1,7 минг нафар аҳоли бириктирилиши стратегик мақсад этиб белгиланади.

Оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади.

Оилавий поликлиникадан 10 километрдан узоқ масофада жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли учун тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати йўлга қўйилади.

тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари базавий тариф ставкаларига қуйидаги миқдорларда қўшимча устамалар тўланади:

- сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида;

- тиббиёт бригадасига белгиланган меъёрлардан 10 фоиз ортиқча қўшимча бириктирилган аҳолининг ҳар бири учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида – шаҳарларда, 0,5 фоизи миқдорида – туманларда;

- оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимлари учун сертификатга мувофиқ базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида.

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари – 10 фоиз миқдорида оширилади.

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.

Тавсия этамиз

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid