Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 млн доллар ажратади
Маблағ энергетика тизимини ислоҳ қилишга сарфланади. Лойиҳада қайта тикланувчи энергия манбалари тақсимлаш электр тармоқларига интеграция қилинади.

Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 млн доллар ажратади.
Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга қайта тикланувчи энергия манбаларини тақсимлаш электр тармоқларига интеграция қилиш ва мамлакатнинг устувор ҳудудларида электр таъминоти ишончлилигини оширишга қаратилган дастурни амалга ошириш учун 100 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.
Дастурни амалга ошириш учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (“ҲЭТ” АЖ) ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча 50 млн доллар ажратади. Жаҳон банки Ўзбекистондаги фаолияти тарихида биринчи марта ушбу операцияни молиялаштириш учун “натижага йўналтирилган дастур” деб номланган воситадан фойдаланаётганини таъкидлаш лозим.
Ушбу восита Банкнинг мижозлари бўлган мамлакатлардаги энг муҳим давлат дастурларини молиялаштириш учун ишлатилади.
Ҳозирда Ўзбекистон энергетика тизими жиддий муаммоларга дуч келмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, электр энергиясини тақсимлашда техник йўқотишлар тахминан 13 фоизни ташкил этади.
Асосий сабаб – эскирган ва юкламаси ошиб кетган инфратузилма. Тақсимлаш тармоқлари объектларининг 50 фоиздан ортиғи 30 йилдан ортиқ эксплуатация қилинмоқда, бу уларнинг норматив хизмат муддатидан анча кўпроқ бўлиб, авариялар ва электр таъминотидаги узилишларга олиб келади.
Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларидан электроэнергия ишлаб чиқариш ҳажмини 25 гигаваттга (ГВТ) етказишни режалаштирмоқда. Бироқ, тақсимлаш тармоқларини зудлик билан модернизация қилмасдан, қайта тикланадиган энергиянинг янги етказиб берувчиларини ушбу тармоқларга улаш имкони бўлмай қолади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг энергетика сектори катта тижорат йўқотишлари, шу жумладан кўрсатилган хизматлар учун қарзлар туфайли норентабел бўлиб қолмоқда. Бу давлат бюджетига жиддий босим ўтказмоқда. Молиявий барқарорликни ошириш учун тақсимот тизимининг оператсион ва молиявий модельлари ислоҳ қилинмоқда. Бундан мақсад – рентабелликни ошириш ва энергия тармоқлари инфратузилмасини ривожлантиришга хусусий инвестицияларни жалб қилиш.
“Жаҳон банки томонидан тақдим этилаётган молиялаштириш 2030 йилгача Ўзбекистоннинг тақсимлаш инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича давлат дастурини амалга оширишга ҳисса қўшиш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, давлат дастури доирасида жалб этилиши лозим бўлган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 3 миллиард долларни ташкил этади. Умид қиламизки, мамлакатнинг бошқа халқаро ҳамкорлари ва хусусий инвесторлар ҳам биздан ўрнак олиб, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг энергетика тармоғини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдилар”, – дея таъкидлади Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татяна Проскурякова.
Жаҳон банки ва “ҲЭТ” АЖ томонидан биргаликда молиялаштириладиган янги дастур доирасида 150 миллион долларни ўзлаштириш режалаштирилган.
“ҲЭТ” АЖ келгуси беш йил ичида ушбу маблағларни муҳим тақсимлаш инфратузилмасини ривожлантиришга инвестиция қилиши мумкин. Дастурий чора-тадбирларнинг амалга оширилиши қайта тикланувчи энергия манбаларининг тақсимлаш тармоқларига интеграциялашувига кўмаклашади ҳамда устувор ҳудудларда, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида электр таъминотининг ишончли бўлишини таъминлайди.
Дастур доирасидаги асосий чора-тадбирларга қуйидагилар киради:
- 6 000 км узунликдаги паст кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш ва модернизатсия қилиш;
-умумий қуввати 250 мегаволт-ампер (МВА) бўлган 1 200 та тақсимлаш трансформаторини алмаштириш ва ўрнатиш;
- “ҲЭТ” АЖ тармоқларида электр энергиясининг тижорат йўқотишларини камайтиришга ёрдам берадиган 150 000 та “ақлли” ҳисоблагичларни улаш;
- тақсимлаш тармоқлари фаолиятини автоматлаштириш ва рақамлаштиришни таъминлаш учун 4 000 та маълумотлар концентраторини ўрнатиш, бу уларни замонавий ва самарали тизимга айлантиради.