Наманганда бир суткада 2 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланди
Яқинда шаҳар ҳокими ноқонуний ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраб чиққан эди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Наманган вилоятида бир кунда ўтказилган рейдларда 2 мингдан ортиқ қоидабузарликларни аниқлаган.
ЙҲХХ матбуот хизмати хабарига кўра, 24 соат ичида 2000 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари қайд этилиб, 756 та машина жарима майдонига қўйилган.
394 та ҳолатда тегишли ҳужжатсиз автомашина бошқариш, 45 та ҳолатда вояга етмаганларга транспорт воситасини ноқонуний ижарага бериш, 131 та ҳолатда светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш қайд этилган.
Эслатиб ўтиш керак, Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев 12 апрел куни Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиевга хат ёзиб, ҳудуддаги қоидага зид ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраган. Хатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган камераларнинг “жарима ёзиши” норозилик кайфияти ортишига сабаб бўлаётгани кўрсатилган.
Ўз навбатида Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Наманган шаҳар ва яна бир қатор туман ҳокимликларига тегишли машиналар қайд этган қоидабузарликлар ва улардан тушган жарималарни ундиришда ёрдам сўраб хат ёзган.
Шунингдек, ЙҲХБ хатида айтилишича, шаҳар ҳокимлигига тегишли "Каптива" машинаси ўтган ва жорий йилда 47 та қоидабузарлик содир этган, 11 та ҳолатда салкам 8,2 млн сўм муддати ўтган жаримаси борлиги эслатилган. Ҳокимликнинг бошқа машиналари эса жами 41 та қоидабузарлик бўйича 18,7 млн сўмдан ортиқ жарималарни тўламаган.
Давлатобод ва Янги Наманган тумани ҳокимликларига тегишли автоуловлар жами 46 та қоидабузарлик учун 16,3 млн сўмдан зиёд жарималарни тўламай келаётгани ёзилган.