Сирдарёда турли харажатлар учун салкам 22 млрд сўм пул ажратилди
Вилоятда байрам тадбирларини юқори даражада ташкил этиш учун LED экран сотиб олиш учун 5 млрд 334 млн берилади.

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши қарори билан вилоят маҳаллий бюджетининг I чорак даромадларини режадан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 21 млрд 828 млн сўм пул ажратилди. Қарор 2025 йил 16 май куни имзоланган.
Қарор иловасида маблағларнинг сарфланиши бўйича маълумотлар келтирилган. Жумладан, қаровсиз ҳайвонларни сақлаш учун приют қуриш харажатлари учун 700 млн сўм, ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 500 млн сўм, халқаро PISA дастурида қатнашишни режалаштирган ўқув муассасаларини жиҳозлаш учун 126 млн сўм, Гулистон туманидаги ёшлар маркази биносига 500 млн сўм, Гулистон шаҳар ободонлаштириш бошқармасига махсус техникалар харид қилиш учун 4,5 млрд сўм берилади.
Бундан ташқари, вилоятда байрам тадбирларини юқори даражада ташкил этиш учун LED экран сотиб олиш учун 5 млрд 334 млн, вилоятга келувчи меҳмонлар ва бошқа хизмат автомобиллари учун автотураргоҳ қуриш учун 3,3 млрд сўм, вилоят тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга 2,5 млрд сўм берилади.
Сирдарё вилоятида "Хавфсиз шаҳар" лойиҳасини амалга ошириш учун эса 2 млрд сўм ажратилади.
Аввалроқ Хоразмда бюджетдан катта маблағ ажратилганди.