platina.uz
Иқтисод

Ҳудудлар ишлаб чиқариш саноатининг рақобат рейтинги эълон қилинди

Биринчи гуруҳдан қайта ишлаш саноати юқори даражада диверсификациялашган ва рақобат устунлигига эга бўлган Тошкент шаҳри, Фарғона ва Наманган вилоятлари жой олди. 

Ҳудудлар ишлаб чиқариш саноатининг рақобат рейтинги эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан 2024-йил учун ҳудудлар қайта ишлаш саноатининг диверсификация ва рақобат устунлиги рейтинги янгиланди.

Ушбу рейтинг ҳудудларнинг ишлаб чиқариш саноати салоҳияти ва рақобатбардошлигини баҳолашга қаратилган. 2024-йил Ўзбекистонда қайта ишлаш саноати маҳсулотларининг ҳажми 753,6 трлн. сўмни ташкил этди. Бу 2023-йилдагига нисбатан 7,7 фоиз юқори. Соҳанинг ЯИМдаги улуши 2023-йилдаги 19,4 фоиздан 2024-йилда 20,2 фоизга, инвестициялар таркибидаги улуши эса 28,6 фоиздан 29,3 фоизга ортиши иқтисодий ислоҳотлар ва трансформация жараёни натижасидир.

Рейтинг натижалари:
Рейтинг ишлаб чиқариш саноатининг диверсификация ва локализация кўрсаткичлари асосида баҳоланиб, бунда Херфиндал-Хиршман индекси (HHI) ва Аниқланган қиёсий устунлик (Revealed Comparative Advantage (RCA)) индексидан фойдаланилди.

Таҳлил натижаларига кўра, ҳудудлар 3 гуруҳга бўлинди:

I гуруҳдан қайта ишлаш саноати юқори даражада диверсификациялашган ва рақобат устунлигига эга бўлган Тошкент ш., Фарғона ва Наманган вилоятлари жой олди. Ушбу ҳудудларнинг ўзига хос хусусияти ишлаб чиқаришнинг диверсификацийлашгани (HHI = 818 - 1447) ҳамда тармоқларнинг аксарият қисми (ўртача 30 фоиздан юқори) рақобат устунлиги бўйича етакчи ўринга эга эканлигидир.

II гуруҳга ишлаб чиқариш саноати ўрта даражада диверсификациялашган ва рақобат устунлиги ўртача бўлган Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Тошкент, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари (жами ҳудудларнинг 42 фоизи) кирган. Бунда ишлаб чиқариш саноатининг диверсификация коэффициенти ўртача кўрсаткичга (HHI = 1525- 2431), рақобат устунлигига эга етакчи тармоқларнинг улуши эса ўртача 22 фоизга тенг бўлган.

III гуруҳга рақобат устунлиги даражаси нисбатан паст бўлган ҳудудлар – Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Андижон, Навоий вилоятлари кирди. Уларнинг ишлаб чиқариш саноати диверсификациялашуви нисбатан паст (HHI = 2514 - 6310), яъни 1-2 та соҳага юқори даражада боғлиқ (ишлаб чиқариш саноатидаги улуши 60 фоиздан юқори). Шунингдек, рақобат устунлигига эга тармоқлар чекланган.

2024-йил якунларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси (HHI 2023-йилдаги 3145 дан 2024-йилда 2514 га яхшиланган), Андижон (4761 дан 3820 га), Бухоро (3293 дан 2590 га) ва Сурхондарё (2886 дан 2285 га) вилоятларида ишлаб чиқариш саноатида диверсификация даражаси сезиларли ўзгарган. Наманган вилояти (1604 дан 1447 га) саноатидаги ижобий ўзгаришлар туфайли ўрта даражали гуруҳдан юқори даражали гуруҳга ўтди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мамлакатимизда саноатни ривожлантиришда жойларда мавжуд салоҳият ва захиралардан оқилона фойдаланиш, янги таянч нуқталарини яратиш рақобат устунлигини барқарорлаштириш ва ҳудудлар ўртасидаги тафовутни камайтиришда ёрдам беради. Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида маҳаллий хомашё базасидан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш, саноатнинг “драйвер” соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш кўзда тутилган.

Умуман олганда, ҳудудлар қайта ишлаш саноатининг диверсификация ва рақобат устунлиги рейтинги мамлакатимизда ҳудудларининг саноат салоҳияти ва рақобатбардошлигини баҳолаш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Ушбу рейтинг натижалари ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва инвестицияларни жалб қилишда фойдали бўлиши мумкин.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid